Маст фуқаро метрода бомба борлиги ҳақида маълум қилди

Сақлаш
17:04 / 26.04.2024 1717 0

Маълум бўлишича, «Минг ўрик» бекати платформасида асли Фарғона вилоятидан, айни пайтда Тошкент шаҳрида ёлланма ишчи бўлиб ишлайдиган Э.М. исмли шахс ўзини нохуш ҳис қилаётганини билдирган. Натижада метро ходимлари томонидан тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари чақиртирилган.

 

Бемор Миробод тумани 7-подстанция шифокори томонидан кўздан кечирилгач, 16-сонли Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг заҳарланиш бўлимига олиб борилган.

 

Бемор шифокор томонидан кўздан кечирилган ва унга «Алкоголдан ўткир заҳарланиш» ташхиси қўйилган.

 

Бемор тиббий ёрдам кўрсатилаётган пайтда қоғоз салфеткага «ДХХ ва Ички ишларга телефон қил. Бомба», дея ёзиб, ҳамширага берган.

 

Шифокор вазиятни аниқ тушунмаган ҳолда «102» рақамига қўнғироқ қилган ва «метрода бомба бор» дея хабар қолдирган.

 

Ҳолат бўйича Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бўлими навбатчилик қисми томонидан зудлик билан «Минг ўрик» бекатига портловчи моддаларни зарарсизлантириш махсус отряди ходимлари юборилган.

 

Қидирув давомида мазкур бекат тўлиқ кўздан кечирилган ва берилган маълумот ўз тасдиғини топмаган.

 

Фуқаро Э.М. билан олиб борилган суриштирув давомида эса у ўша куни кайфда бўлгани боис берган маълумоти ҳақида ҳеч нарсани эслолмаслигини билдирган ва жазодан шу тариқа қутилиб қолган.

 

«Мазкур фуқаро хулқига баҳо берилганда, уни калтабин, тарбия кўрмаган, иродаси заиф, ҳаётда ўз йўлини топа олмаган кимса, деб баҳолаш мумкин. Бундай шахсларни ўз вақтида бу йўлдан тўхтатиб қолинмас экан эртами, кечми, бир кун келиб қонун олдида жавоб бериши, гулдек умрини хазон қилиб, темир панжара ортида ўтказишга мажбур бўлиши аниқ», дейилди хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси