Яккасарой ҳокимлиги юристи мактаб бассейнида вафот этди

Сақлаш
15:04 / 26.04.2024 1666 0

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокимлиги юрисконсульти Нодир Акбаров мактаб бассейнида вафот этди, деб хабар берди Кун.

 

Нашрнинг ёзилишича, ҳокимлик ходимлари учун 18 апрель куни зиёфат тадбири ўтказилган. Унда спиртли ичимликлар ҳам истеъмол қилинган бўлиши мумкин.

 

«Тадбир якунлангач, ҳокимнинг икки ўринбосари ҳамда юристи маишатни тумандаги 160-сонли болалар ва ўсмирлар мактабига тегишли бассейнда давом эттиришган. Бассейнда чўмилиш чоғида ҳокимлик юрисконсультининг соғлиги ёмонлашиб, вафот этган», дейилади хабарда.

 

Мазкур маълумотни Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳам тасдиқлаган.

 

Шамсутдинов 2024 йил 18 апрель куни, соат 15:30 лар атрофида 1970 йилда туғилган эркак (Яккасарой тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси) туманда жойлашган мактабдаги бассейнда чўмилганда аҳволи ёмонлашиб, вафот этганини маълум қилган.

 

Хабарга кўра, марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Шунингдек, нашр Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг қарорига кўра 2024 йил 22 апрель куни Нодир Акбаров билан меҳнат шартномаси унинг вафот этгани муносабати билан бекор қилингани ҳақида ёзган.

 

 

Нашр ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланганда, бу борада Яккасарой тумани ҳокимлигидан маълумот олиш мумкинлигини билдиришган.

 

«Бироқ Яккасарой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати таҳририят сўровларини жавобсиз қолдирди», деб якунланади хабар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси