Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Сақлаш
20:38 / 13.12.2021 1030 0

regulation.gov.uz порталида Ўзбекистон давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекси лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, ушбу кодекс давлат хизматчиларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

 

Лойиҳага биноан, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилишларини таъминлаш бўйича масъул бўлган органлар қуйидагилар ҳисобланади:

 

Давлат ташкилотларидаги одоб-ахлоқ комиссиялари;

 

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги;

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
 

Кодексда биринчи бор давлат хизматчиси тушунчасига қуйидагича таъриф берилмоқда – доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат ташкилотида (давлат иштирокидаги ташкилот бундан мустасно) ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга оширишга ваколат берилган шахс, ҳамда меҳнат шартнома (контракт) асосида фаолиятни амалга оширувчи бошқарув ходими.

 

Кодекс билан давлат хизмати уч турга бўлинмоқда:

 

– давлат сиёсий хизмати – ички ва ташқи сиёсатни белгилаш ҳамда сиёсий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг номенклатурасига кирадиган лавозимларга юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий хизмат фаолияти бўлган давлат хизматининг бир тури (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутат ва сенаторлари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг номенклатураларига кирадиган лавозимлар);

 

– давлат фуқаролик хизмати – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат органларидаги давлат фуқаролик лавозимларига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини назарда тутувчи давлат хизматининг бир тури;

 

– давлат махсус хизмати – Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларидаги ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда суд органларидаги юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишга қаратилган ҳамда ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини назарда тутувчи давлат хизматининг бир тури.

 

Шунингдек, соҳанинг қуйидаги асосий принциплари белгиланмоқда: қонунийлик; адолатлилик; фуқароларнинг ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатлари устуворлиги; ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидойилик; давлат ва жамият манфаатларига садоқат; ҳалоллик; холислик; очиқлик; коррупцияга қарши тоқатсизлик; профессионаллик ва лаёқатлилик; самарадорлик ва тежамкорлик.

 

Кодекс лойиҳаси 6 боб, 53 моддадан иборат.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//