Жаҳон
Давлат Жогорку Кенеши спикери Нурланбек Шакиев чет тилидаги барча контентни блоклаш зарурлигини таъкидлаган.
Қишлоқларда болалар русча гапиради. Қирғизча сўзлашиш йўқолиб кетяпти, чунки улар телефонларида рус тилидаги кўрсатувларни, мультфильмларни блоклаш керак, деган у.
Спикер бу кетишда 5-10 йилдан кейин қирғиз тили йўқолиб кетиши мумкинлигини айтар экан, рус ва инглиз тилларидаги барча контентни блоклашни ва машҳур видеоларни қирғиз тилига таржима қилишни таклиф қилган.
Мазкур баёнот Қирғизистонда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Давлат расмийлари ҳам тил масаласига эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак деб ҳисоблайди.
«Мен ўз фикримни тўғридан-тўғри айтаман. Менимча, кундалик ҳаётимизда бошқа тилларни чеклаб, қирғиз тилини сақлаб қолиш ва ривожлантириш нотўғри фикрдир. Чунки бошқа тилларсиз қирғиз тили ривожлана олмайди. Келажак авлод нафақат қирғиз тилида, балки бошқа тилларда ҳам эркин сўзлаша олиши керак. Зеро, тил орқали улар дунё ҳақида тасаввурга эга бўладилар, таълим оладилар ва бошқа ривожланган давлатларнинг технологиясини мамлакатимизга олиб киришлари мумкин. Бу давлатимизнинг ривожланишига, хорижий цивилизациядан қолишмаслигига хизмат қилади», – деган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев.
Мазкур таклифга ҳатто давлат раҳбари Жапаров ҳам муносабат билдирган.
«Албатта, қирғиз тилини ривожлантириш бўйича таклифларни ҳаммамиз қўллаб-қувватлаймиз. Ҳеч ким бунга қарши эмас. Бироқ, Нурлан Шакиевнинг рус ва инглиз тиллари ҳақидаги сўзлари унинг шахсий фикри. Ҳукумат сиёсати бутунлай бошқача. Рус ва инглиз тиллари жаҳон тилларидир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тиллари орасида рус ва инглиз тиллари мавжуд. Рус тилисиз МДҲ давлатларида ишлаш мумкин эмас. Нафақат Ҳамдўстлик мамлакатларига, балки Европанинг айрим давлатлари, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатларга расмий ташрифлар чоғида улар рус тилида гаплашади ва шу тилда синхрон таржимани тинглайди. Мен буни сўнгги уч йил ичида кўп марта кўрганман. Инглиз тили эса бутун дунёда қўлланилади», деган президент.
Унинг фикрича, икки тилда дарс ўта оладиган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш зарур. Ўқувчилар мактабни ташлаб кетиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Улар бир оғиз русчани билмай Россияга кетади. У ерга бориб тил билан боғлиқ муаммоларга дуч келади.
«Шунинг учун мен шахсан ўзим ташаббус кўрсатиб, Владимир Путиндан биз учун рус тилида таълим берадиган тўққизта мактаб қуришни сўрадим. Тез орада қурилиш ишлари бошланади», деган Жапаров.
У, шунингдек, таълим тизимини инглиз тилида олиб борадиган мактаб қурмоқчи бўлганлар бўлса, эшиклар доимо очиқлигини урғулаган.
«Ёшларимиз учта тилда эмас, бешта тилда бемалол гапира олсалар яхши бўларди. Халқимиз қанча кўп тил билса, дунёқараши, дунёқараши шунчалик кенг бўлади. Улар кўплаб халқларнинг урф-одатлари, менталитети, билимларини ўрганади. Биз дунёга кенгроқ қарашимиз керак. Қирғиз тилимиз эса ҳеч қачон ўлмайди. У ривожланади ва абадий яшайди. 90 йилларда қишлоқларимизда қирғиз тилини билмайдиганлар бор эди. Ҳозир, аксинча, вилоятлар аҳолисининг катта қисми рус тилини билмайди. Сабаби қишлоқларда рус тили ўқитувчилари етишмайди. Рус ва инглиз тилларисиз ёшларимиз Қирғизистон чегарасидан нарига ўтолмайди», дея хориж тилини ўрганишга хайрихоҳлигини билдирган Жапаров.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ