Шакар нархи оширилмайди

Сақлаш
20:20 / 08.04.2024 2082 0

Ўзбекистонда шакарга бўлган йиллик талаб ўртача 650-700 минг тоннани ташкил этади, деб маълум қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

 

Маълум бўлишича, Республикада фаолият юритаётган 2 та – «Ангрен Шакар» ва «Хоразм Шакар» МЧЖ шакар ишлаб чиқариш корхоналарининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан кўп бўлиб, бу ички бозорни талабидан ортиғи билан таъминлашга етарли ҳисобланади.

 

Муносабатда, Россия Федерациясининг шакар экспортини чеклаши Ўзбекистоннинг ички бозорида танқисликни келтириб чиқармаслиги айтилган. Бунга эса республикадаги йирик шакар ишлаб чиқарувчи заводларнинг фаолияти Россия билан боғлиқ эмаслиги ҳамда 2023 йилда хом-ашё, асосан, 762 минг тонна миқдорида (шакар чиқиши 98 фоиз) Бразилия ва Ҳиндистондан импорт қилинганни асос қилиб кўрсатилган.

 

«Айни пайтда иккита шакар ишлаб чиқариш заводлари томонидан биржага ички бозор учун ҳар куни 2 100 тонна маҳсулот чиқарилаётган бўлиб, унинг атиги ўртача 300 тоннаси сотилмоқда, холос», дейилади муносабатда.

 

Шунингдек, маълумотда бугунги кунда етарли (4 ойлик савдо учун) шакар ва шакар хом-ашёси захираси мавжуд бўлиги, Бразилиядан хом-ашё кириб келиши давом этаётгани таъкидланган.

 

Шуни ҳисобга олган ҳолда, вазирлик нафақат Россия, балки бошқа мамлакатлардан ҳам тайёр шакар маҳсулоти импорти чекланса-да, маҳаллий корхоналар томонидан ички талабни тўла қондириш имконияти мавжудлигини билдирган.

 

«Албатта бу каби хабарлар ҳар йили мавсум бошланишидан олдин манфаатдор инсонлар томонидан ижтимоий тармоқларга сиздирилади. Шунинг учун барчани огоҳликка чақирамиз», дейилади муносабат якунида.

 

Олдинроқ Россия шакар ва хом шакар экспортини вақтинча чеклагани сабаб маҳсулот нархининг ошиб кетиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//