Оқтўбеда ҳалок бўлганлар мамлакатга олиб келинди

Сақлаш
14:53 / 05.04.2024 1422 0

Қозоғистон Республикаси Актобе области Алгин райони ҳудудида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган Ўзбекистон фуқаролари Ватанига қайтарилди, деб хабар берди ФВВ.

 

 

Маълум бўлишича, кеча, 4 апрель куни кечқурун Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бошчилигида ташкил этилган махсус комиссия Қозоғистон Республикаси Оқтўбе областига борган ва қўшни давлат масъул идоралари раҳбарлари билан учрашиб, белгиланган ташкилий-амалий тадбирларни ҳамкорликда бажарган.

 

 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус бортида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган фуқаролар Қозоғистон Республикасидан 5 апрель куни, соат 03:00 ларда Сурхондарё вилоятидаги Термиз халқаро аэропортига олиб келинган.

 

«Қозоғистон Республикаси масъул идоралари юзага келган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни Ўзбекистонга олиб келинишида яқиндан кўмаклашди», дейилади хабарда.

 

Хабарга кўра, 8 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилган. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

 

Қозоғистон Республикаси раҳбари Шавкат Мирзиёевга содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси муносабати билан ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Токаев қурбонларнинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик сўзларини етказишни ҳам сўраган.

 

Олдинроқ Оқтўбеда вафот этганлар Президент топшириғига биноан махсус бортда олиб келиниши ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//