Туркияга киришда асосан 20-35 ёшдаги хорижликлар қатъий текширувдан ўтмоқда

Сақлаш
19:36 / 27.03.2024 994 0

Бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлар органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликларга нисбатан қатъий текширувлар амалга оширилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси.

 

Маълум бўлишича, Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилган.

 

Шунингдек, ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

 

Маълумотга кўра, терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар «Туркияга кириши исталмаган йўловчи» сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан, мамлакатига қайтариб юборилмоқда.

 

Жумладан, жорий йилнинг январь февраль ойлари давомида Туркияга киритилмаган 163 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 54 та нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этиб киришига тақиқ қўйилганларни ташкил этган.

 

Консулхона хабарида ёзилишича, айрим ватандошларимиз томонидан Истанбул аэропортида полиция ходимларининг қўпол муомаласи бўйича шикоятлар келиб тушган. Бу борадаги шикоят ва эътирозлар дипломатик каналлар орқали турк томонига етказилган ва ҳозирги кунда мутасадди ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

 

«Ўз ўрнида, фуқароларимиздан маҳаллий қонунларни ҳурмат қилиб, уларга тўлиқ риоя этишларини сўраб, олдин қонунбузарлик содир этиб депорт қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор ёки йўқлигини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Туркия дипломатик ваколатхоналаридан ўрганган ҳолда келишлари тавсия қилинади», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//