Қирғизистон 12 йиллик мактаб таълимига ўтади

Сақлаш
15:36 / 19.03.2024 2414 0

Қирғизистон Республикасида мактаб таълими 12 йиллик этиб белгиланиши мумкин. Бу масала 15 март куни ўтказилган Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган.

 

Йиғилиш кун тартибига 10 дан ортиқ масала киритилган.

 

Жумладан, мажлисда мактабларда жаҳон тажрибасидан ўтган таълим йўналишларини жорий этиш ва таълим муддатини ўзгартириш орқали ўқувчиларнинг функционал саводхонлиги ва малакасини ошириш мақсадида «Умумий ўрта таълим тузилмасини модернизация қилиш тўғрисида»ги қарор кўриб чиқилган ҳамда тасдиқланган.

 

Хабарга кўра, мазкур қарор 12 йиллик таълим моделига босқичма-босқич ўтиш ва таълим тизимини замонавий таълим тенденцияларига мос равишда янгилаш, мамлакатнинг иқтисодий фаровонлиги учун рақобатбардош инсон капиталини ривожлантиришни таъминлайди.

 

Расмийларнинг тушунтиришича, Қирғизистонда таълим тизими ўзгариши керак, чунки унинг кўп жиҳатлари совет давридан бери ўзгармаган ва замон талабларига жавоб бермайди.

 

12 йиллик таълимга ўтиш жараёни 5-6 ёшли болаларнинг 100 фоиз мажбурий мактаб таълими билан қамраб олинишини талаб этади.

 

Ушбу масала ортидан ўқитиш масканларининг етишмаслик муаммоси ҳам ўртага чиқади. Бироқ уни маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳал қилиш режалаштирилган.

 

Маълумот учун, қирғиз мактабларининг 11-синф битирувчилари қабул қилинган қарорга асосан яна бир йил ўқийди. Яъни, битирувчиларнинг ёши ўзгармайди. Олдин эса 11-синфни тамомлаган ўқувчилар олий ўқув юртига топшириши мумкин эди. Эндиликда улар бир йилдан маҳрум бўлади. 1-синфга эса қайта тайёрловдаги синфлар («ноловой»лар) қабул қилинади.

 

Умумтаълим мактабларида ўқувчиларга фақат фанлар эмас, балки касб-ҳунарлар ҳам ўргатилади.

 

Шунингдек, хабарда мактабгача таълим тизимини ҳам ислоҳ қилиш ҳақида сўз борган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//