«Қочоқ» ота ертўладан топилди

Сақлаш
16:02 / 12.03.2024 1002 0

МИБ Ангор тумани бўлими давлат ижрочиси Сайёра Тожиева икки йилдан буён қидирувда бўлган «алиментчи ота»ни уйининг ертўласидан топиб олди, деб хабар бермоқда ЎзА.

 

Маълум бўлишича, турмуш ўртоғи билан ажрашгач, Ф.Мўминов 2019 йил январь ойидаги суд буйруғига асосан вояга етмаган уч фарзандининг моддий таъминотига масъул этиб белгиланган. Бироқ ота бу масъулиятни ҳис этмаган ва вояга етмаган болалари учун алимент тўлашдан бўйин товлаб келган.

 

Шундан сўнг қочоқ отага нисбатан қидирув эълон қилинган.

 

Қидирув жараёнида Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими давлат ижрочиси Сайёра Тожиева қидирилаётган шахснинг яшаш манзилига борган ва эркакнинг яқинларига иш юзасидан тушунтириш берган. Бироқ бу ҳам фойда бермаган. Оқибатда, МИБ томонидан хонадондаги қорамолни хатлов қилиш ишлари бошланган.

 

Айнан қорамол хатланиш вақтида хонадон эгалари Ф.Мўминов уйнинг ертўласини макон тутиб, шу ерга яшириниб юрганини маълум қилган.

 

Хабарга кўра, ертўладан топилган ота барибир фикридан қайтмаслиги, алимент тўламаслигини айтган.

 

Қонунчиликка мувофиқ, Ф. Мўминов иши Ангор туман судида кўриб чиқилган. Ҳукмга кўра, 51 млн. сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги бўлган судланувчига 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

 

Шунингдек, суд мажлисида агар фуқаро берилган жазодан тўғри хулоса чиқармаса, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида ҳам огоҳлантирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//