Жамият
Тошкент шаҳрида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳам иштирок этиб, аёлларга самимий меҳри ва ҳурматини изҳор этди.
Биз ҳар йили бу кунни интиқлик, қалбимизда ажиб илиқлик билан кутамиз. Ушбу шукуҳли айёмда ҳаммамиз бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб, меҳр ва тарбия бериб вояга етказган буюк она сиймосига, мўътабар аёл зотига таъзим қиламиз. Зеро, инсон қадрини улуғлаш аввало азиз-у мукаррам аёлларимизни улуғлашдан бошланади, – деган Шавкат Мирзиёев.
Маросимда жамиятда аёлларимизнинг тутган ўрни, уларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида ҳам сўз борган.
Жумладан, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Маълумки, сиёсий соҳа бўйича сайлов кодексида депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги белгиланган. Ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга ошган.
Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи ҳам икки баравар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошди. Шунингдек, 200 мингга яқин аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. 400 мингдан кўпи иш билан таъминланди.
Ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган 1 миллион 300 минг нафарга яқин талабанинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этмоқда. Эҳтиёжманд оилаларга мансуб хотин-қизлар қўшимча давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилинмоқда. Улар учун имтиёзли таълим кредитлари ажратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг контракт пулини қоплаб бериш йўлга қўйилган.
Шунингдек, сўнгги етти йилда 5 минг 247 нафар аёллар илмий даражалар олган. «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида таълим олган ёшларнинг 47 фоизини қизлар ташкил этган.
Қанчалик қийин бўлмасин, биз қўшимча имконият топиб, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хотин-қизларимизнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратмоқдамиз ва бу ишларимиз албатта давом этади. Чунки аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади, – деган Президент.
Давлатимиз раҳбари Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастурида белгиланган, хотин-қизларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган вазифаларга тўхталиб ўтган.
Юртимиз аҳолиси ҳар йили қарийб 900 мингга кўпаймоқда. Тадбирда ёш авлодни жисмоний ва маънавий баркамол этиб, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш муқаддас бурчлиги айтилди.
Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. «Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз» деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Зотан, ҳадиси шарифда айтилганидек, «Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди». Муҳтарама опа-сингилларимиз, дуогўй онахонларимизнинг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади, – дея таъкидлаган Президент.
Тадбир давомида Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳам ўз номзодларига тантанали равишда топширилган.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ