Ўқитувчилар ўқувчиларни қизиқтиролмаяпти

Сақлаш
21:23 / 07.03.2024 2039 0

PISA тести натижаларига кўра, Ўзбекистонда ўқувчиларнинг 25 фоизи дарсларда ўқитувчини тингламаганлигини билдирган. Бу ҳақида Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълум қилди.

 

Хабарда айтилишича, гарчи ўқувчининг тингламаслиги ИҲТТ(Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) давлатлари орасидаги ўртача кўрсаткичга нисбатан паст бўлсада, бу ўқитувчилар ўқувчиларни қизиқтира олмаётганидан далолат беради.

 

Маълумотга кўра, 2022 йилда 294,1 минг нафар ўқитувчини аттестациядан ўтказиш жараёнида уларнинг 7 фоизи, яъни 20,3 минг нафари ўқитувчилик лавозимига лойиқ эмаслиги аниқланган.

 

PISA натижаларига кўра, аттестациядан муваффақиятли ўтган ўқитувчилар сони кўп бўлиши тест натижаларига ижобий таъсир қилади, яъни сертификатларга эга бўлган ва аттестациядан муваффақиятли ўтган ўқитувчиларнинг ўқувчилари билим даражаси юқори бўлади.

 

PISAга кўра, 2018-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда математика фанидан аттестациядан ўтган ўқитувчилар сони ўзгаришсиз қолган.

 

PISAда иштирок этган ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг бор йўғи 24,6 фоизи халқаро ва унга тенглаштирилган маҳаллий сертификатга эга.

 

Ўзбекистон PISAда иштирок этган давлатлар орасида бу кўрсаткич бўйича охиргидан битта олдинги ўринни эгалламоқда. Бу эса ўз навбатида тест натижаларига салбий таъсир кўрсатган.

 

*PISA (инглизча — Programme for International Student Assessment) – турли давлатларда 15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлигини (ўқиш, математика, табиий фанлар) ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини баҳоловчи дастур.

 

Маълумот учун, таҳлилларда 2021-2023 йиллардаги маълумотларга таянилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//