Президент Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабига борди

Сақлаш
15:08 / 06.03.2024 2261 0

Давлатимиз раҳбари 5 март куни Тошкент шаҳрида гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабига ташриф буюриб, бу ердаги шароитларни ва машғулотларни кўздан кечирди.

 

 

 

Ушбу спорт мактаби Президентнинг 2022 йил 14 мартдаги қарорига асосан ташкил этилган.

 

Муассаса миллий терма жамоалар учун халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш, юқори малакали мураббий ва мутахассисларни жалб этиб, ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил қилиш, мураббийлар ва гимнастикачилар маҳоратини мунтазам ошириб боришга йўналтирилган.

 

Мактаб биносида 165 ўринли ётоқхона, меҳмонхона, информатика ва маънавият хоналари ҳам ўрин олган.

 

Бугунги кунда 91 нафар ўғил-қиз маҳоратини ошираётган муассаса 5-11-синфлардаги 105 нафар ўқувчига мўлжалланган. Шунингдек, бу ерда иккита хорижий тил ҳам ўргатилади.

 

 

Муҳими, гимнастикачи ёшлар бир жойнинг ўзида яшаб, таълим олиб, машғулотлар ўтказиши мумкин. Бу эса мазкур спорт мактаби гимнастикачилар учун республикада ягона ўқув-машғулот базасига айланишига имкон беради.

 

Маълумот учун, Чусовитина издошлари ўтган йили спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика бўйича халқаро мусобақаларда 4 та, республика турнирларида 6 та ва спорт мактаблари ўртасида 24 та медални қўлга киритган.

 

 

«Нима учун биз бу йўналишга катта эътибор бериб, мактаблар яратаяпмиз? Гимнастика – ҳамма спорт турларининг асоси. Футболчи ҳам, боксчи ҳам, соғлом бўламан деган инсон ҳам гимнастика қилиши керак. Иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларга таълим бериш билан бирга уларни спорт билан шуғуллантиролсак, юртимизда соғлом зурриёд, соғлом миллат бўлади», – деган Президент ёш спортчилар билан учрашув давомида.

 

 

Шунингдек, гимнастикани болалар боғчаларидан кенг жорий қилиш, қобилиятли спортчиларни саралашни шу босқичдан бошлаш, ҳар бир ҳудудда иккитадан гимнастика мактаби ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

 

Жорий йил Францияда бўладиган Олимпия ўйинларида қатнашадиган спортчи ва уларнинг мураббийларига алоҳида шароит яратиш, муносиб тайёргарлик кўришини таъминлаш бўйича ҳам мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//