Мактабда Миллий гвардия ходимини дўппослашди

Сақлаш
14:25 / 04.03.2024 717 0

Ҳолат 1 март куни, соат 13:00 да Тошкент вилояти Зангиота туманига қарашли «Боғишамол» МФЙдаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган. Бу ҳақида Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.

 

Маълум бўлишича, хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходими юқори синф ўқувчиларининг мактабни орқа тараф ҳовлисида ўзаро жанжаллашаётганини кўриб қолади ва жанжални бартараф этишга киришади.

 

Шу вақтда профилактика инспектори ҳам етиб келиб Миллий гвардия ходими билан биргаликда ўқувчиларни тинчлантиришни бошлайди. Бироқ мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б нинг чақируви билан ташқаридан унинг акаси ва акасининг шериклари етиб келади.

 

Ходимларнинг огоҳлантиришига қарамасдан ташқаридан келганлар ҳам жанжалга аралашиб кетади.

 

Тарафларнинг хатти-ҳаракатларини ва қаршиликларини тўхтатиш чорасини кўрган Миллий гвардия ходимига шу жойда тан жароҳати етказилади.

 

Шундан сўнг, мактабдаги ташвиш тугмаси орқали Қўриқлаш тезкор гуруҳи чақирилади.

 

Зудлик билан етиб келган Қўриқлаш тезкор гуруҳи томонидан ҳолат тўлиқ бартараф этилади. Миллий гвардия ходимининг хизмат вазифасини бажаришига қаршилик қилганлар эса қўлга олиниб, туман ички ишлар бўлимига топширилади.

 

Дастлабки суриштирув ишлари давомида ташқаридан мактаб ҳудудига кириб, жанжалга аралашган ва ходимларга фаол қаршилик кўрсатган фуқаро ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б нинг акаси, Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли И.Боқиев эканлиги маълум бўлган.

 

Ҳозирда, мазкур ҳолат бўйича Зангиота туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва фуқаро И.Боқиев ЖПКнинг 221-моддаси асосида ушланиб, унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилинмоқда.

 

Шунингдек, воқеа юзасидан жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш борасида ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//