Ўзбекистонда фискал тартиб-қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори камайтирилади

Сақлаш
17:23 / 28.02.2024 827 0

Ўзбекистонда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима солинадиган бўлди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.


Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш ва бошқа фискал тартиб-қоидаларни бузганлик учун Солиқ кодексининг 227-1-моддасига асосан қўлланилаётган жарималарнинг юқорилиги тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

 

Президентнинг 26 февралдаги фармони билан мазкур ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори 50 баробарга камайтирилиб, илгари қўлланилган жарима суммалари ҳисобдан чиқариладиган бўлди.

 

Солиқ кодексининг 227-1-моддасида назарда тутилган яъни фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима солиниши белгиланади. Аввал соф тушумнинг 100 фоизи миқдорида жарима солинган.

 

Агар мазкур турдаги ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилганда жарима миқдори соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида этиб ўрнатилади.

 

Бундан ташқари мазкур фармон кучга киргунга қадар фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган молиявий жарималар бўйича мавжуд қарздорликнинг 98 фоизи ҳисобдан чиқарилади. Ҳисобдан чиқарилган қарздорликни ундириш билан боғлиқ суд ва ижро ишлари тугатилади.

 

Шу билан бирга ундирилган жарима суммаларининг 98 фоизи келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади.

 

Шунингдек, Солиқ кодексига мазкур фармондан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритилгунга қадар ушбу ҳуқуқбузарликлар учун молиявий жарималар ва маъмурий жазо чоралари қўлланилмайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//