Жамият
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Унга кўра, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эса комиссиянинг ишчи органи, шунингдек, қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Қонун лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига таъриф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш, қонунга биноан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик шакллари амалдаги учтадан (жисмоний, жинсий, руҳий) олтитага (ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг) оширилди.
Таъкидлаш лозим, мазкур қонун лойиҳаси билан илк бор янги институт ҳам жорий этилади. Яъни, эндиликда болаларга ҳам ҳимоя ордери берилади.
Бунда ордер ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади.
Бундан ташқари, лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Жумладан, унда ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасида таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслиги, таълим муассасаларида интизомий жазо чораси сифатида зўравонликнинг ҳар қандай шакли, шу жумладан, жисмоний жазо ва бошқа шафқатсиз хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ёки қадр-қимматни камситувчи муомалани қўллашга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Эътиборлиси, зўравонлик хавфи остида бўлган болалар тоифалари (етим, назоратсиз, ақлий ривожланишда нуқсони бор, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланаётган болалар) қонун лойиҳасида аниқ белгилаб берилган. Бу эса соҳадаги ваколатли органларга зўравонликдан жабрланган, зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга ёрдам беради.
Шу қаторда, зўравонликдан жабрланган болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирлари ҳам белгиланди.
«Хусусан, зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг якка тартибдаги чора-тадбирларини қўллаш учун асос бўлади», – дейилади хабарда.
Биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан бир овоздан қабул қилинган қонун лойиҳаси болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ