Фарғона ва Қўқонда қарийб 1.4 миллиард сўмлик электр энергиясини талон-торож қилган ноқонуний майнерлар аниқланди

Сақлаш
17:51 / 27.02.2024 761 0

Фарғона ва Қўқон шаҳарларида 1 миллиард 329 минг сўмлик электр энергиясини талон-торож қилган ноқонуний майнерлар аниқланди. Бу ҳақда ДХХ маълумот берди.

 

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда «Ўзенергоинспекция» билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилган.

 

Жумладан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1973 йилда туғилган шахс ўз қариндошининг яшаш хонадонида 10 та майнинг қурилмаларини электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, 2021– 2024 йиллар давомида майнинг фаолияти билан шуғулланиб келиши натижасида, давлат манфаатларига 638 миллион 274 минг сўм миқдорида зарар етказган.

 

Фарғона шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахснинг хонадонида 11 дона, қуввати 14,85 киловатт бўлган майнинг қурилмалари яширин равишда электр тармоғига уланиб, 320 миллион 118 минг сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган.

 

Бошқа ҳолатда эса Фарғона шаҳрида яшовчи, 1971 йилда туғилган фуқарога тегишли хонадон кўздан кечирилганда, 6 дона, қуввати 12,4 киловатт бўлган майнинг қурилмалари электр тармоғига ноқонуний уланиб, электр таъминоти корхонасига 293 миллион 284 минг сўмлик зарар етказилган.

 

Яна бир ҳолатда, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахс онасига тегишли хонадонда криптовалюта ишлаб чиқариш фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиб, 3 дона майнинг қурилмаларидан фойдаланиши натижасида, электр энергияси бўйича давлат манфаатларига 77 миллион 585 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//