Қўшни Қирғизистонда ота-онасига ғамхўрлик қилмаган фуқароларни меросдан маҳрум қилиш таклиф қилинди

Сақлаш
23:14 / 12.02.2024 957 0

Хабарда айтилишича, Қирғизистон Республикаси Фуқаролик кодексига ўзгартириш киритилмоқда. Ҳужжатга кўра, ўзгартишлар меросхўрларнинг адолатлилиги ва тенглигини кафолатлаш, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандларнинг кексайган ота-онасига ғамхўрлик қилишини таъминлашга қаратилган.

 

Агар меросхўр васият қилувчига ғамхўрлик қилмаса ёки уни қариялар уйига топширса, васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

 

«Қирғизларнинг одатига кўра, ота-онанинг мол-мулки кекса ота-оналарга қарайдиган ёки у томондан васиятнома тузилган кишига ўтказилади. Агар васият бўлмаса, барча мулк кенжа ўғилга ўтади. Бугун ҳатто зиёлиларнинг фарзандлари ҳам мерос учун судга ариза беришмоқда. Шунинг учун оилавий муносабатларни тартибга солиш керак. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси кўпчиликнинг ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг талабларини бажаришга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

 

Қонун лойиҳасига кўра, мерос ҳуқуқи биринчи навбатда мерос қолдирувчига камида беш йил ғамхўрлик қилган меросхўрга, шунингдек, мерос қолдирувчининг фарзандларига (шу жумладан, фарзандликка олинган болалар), турмуш ўртоғи ва ота-оналарига тенг улушларда ўтади.

 

«Турар жой биноси, квартира, шунингдек, уйда фойдаланилаётган маиший жиҳозлар мерос қолдирувчи билан вафотидан олдин камида беш йил яшаган ва уни ўз қарамоғига олган меросхўрга, унинг навбати ёки улушидан қатъи назар, ўтказилади», деб ёзилган ҳужжатда.

 

Маълумот учун, Кодекснинг амалдаги вариантида меросхўр васият қилувчи билан вафотидан олдин камида бир йил бирга яшаши керак эди.

 

Қонун лойиҳаси ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//