«Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» мавзусида III Xалқаро симпозиум бўлиб ўтди

Сақлаш
17:15 / 10.02.2024 1336 0

2024 йилнинг 9 февраль куни буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамкорликда “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” мавзусида халқаро симпозиум ўтказилди.

 

Анжуманда Афғонистон, АҚШ, БАА, Бельгия, Эрон, Ҳиндистон, Кипр, Миср, Озарбойжон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркия, Венгрия, Хитой каби дунёнинг 15 дан ортиқ мамлакатларидан навоийшунос олимлар жамланиб, ўз илмий маърузалари билан иштирок этди.

 

Тадбирда давлат арбоблари, таниқли шоир ва ёзувчилар, хорижий мамлакатларнинг фавқулодда ва мухтор элчилари, навоийшунос, тилшунос олимлар табрик сўзлари билан қатнашди.

 

Маълумот учун, бу йилги халқаро симпозиумга 80 дан ортиқ хорижий, 127 та республика миқёсида мақолалар келиб тушган. Улар ичидан 70 та мақола комиссия томонидан сараланиб, тўплам ҳолида чоп этилди.

 

Учинчи симпозиумнинг географияси янада кенгайган бўлиб, дунёнинг тўрт қитъасидан олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари тақдим этилган.

 

Халқаро симпозиум «Алишер Навоий асарларида тилшунослик ва қиёсий адабиётшунослик масалалари», «Темурийлар даври ва Уйғониш маърифати», «Навоийни англаш. Матншунослик ва манбашунослик масалалари» деб номланган уч шўбага бўлинган ҳолда, ўз ишини давом эттирди.

 

Янги назарий қарашлар билан тўйинган илмий маърузалар ва қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган симпозиумда Навоий ижодига муносабат, Навоий шахсини, илмий меросини ўрганиш, янада кенг тарғиб қилиш, бошқа хорижий тилларга таржима қилиш каби вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//