Илм-фан
1917–1940 йиллари Ўзбекистон прокуратура ходимларидан 150 нафари қатағон қилинган, уларнинг 30 нафари отиб ташланган.
Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейида «Тарихий хотира беқиёс» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда СССР даврида қатағонга учраган прокуратура тизими ходимларининг хотирасини абадийлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Анжуманда таъкидланганидек, давлат раҳбари 2023 йил 31 августда «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларнинг пок номини тиклаш ва тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш бўйича концептуал топшириқлар берган эди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида чиқарилган Бош прокурор фармойишга асосан 300 дан ортиқ мутахассисларни жамлаган ишчи гуруҳ меҳнати натижасида «Тарихий хотира беқиёс» китоби яратилди.
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда Россия ва Ўзбекистон архивларидаги 2 мингдан ортиқ тарихий ҳужжатлар ўрганилган. Фақатгина 1917–1940 йиллари 150 нафар прокуратура ходими қатағон қилинган, шулардан 30 нафари отиб ташланган. «Тарихий хотира беқиёс» китобининг 1-жилдида 40 нафар қатоғон қурбони тақдири ҳикоя қилинади. Уларнинг 10 нафари давлат ва сиёсат арбоби даражасига етганди.
Мисол учун, Абдураҳим Юсуфзода 1920–1924 йиллар Бухоро Халқ Совет Республикаси адлия халқ нозири ва республика прокурори бўлиб ишлаган. Унинг ташаббуси билан Бухоро шаҳрида 3 та суд биноси барпо этилган ва ҳибсхоналар тарихий-меъморий обидалардан чиқарилиб, музейларга айлантирилган.
Абдураҳим Юсуфзода 1924 йили «Бухарская жизн» журнали ва «Бухоро-Рус киножамияти», Бухоро–Хива–Тошкент–Олмаота йўналишларида ҳаво қатнови ҳамда почтани йўлга қўйган, «Юнкерс» фирмасидан 6 та самолёт харид қилинишига эришган.
Яна бир прокурор Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода араб, форс, рус ва турк тилларини билган, 1916 йили Жиззах қўзғолони қатнашчилари устидан суд жараёнида 30 дан ортиқ кишини ўлимдан сақлаб қолган. Унинг уйида жадидчилар Вадуд Маҳмуд, Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхонов каби маърифатпарварлар учрашиб турган.
Мирзо Қўқонбой «Жиззах қўзғолони», «Намоз шайкаси», «Тоғ қизи», «Истаджон», «Қамчиндан қон томади» каби тарихий қиссалар ёзган ҳамда рус тилидан биология, антропология, зоология, ботаника дарсликларини таржима қилган.
Экспедиция давомида Ўзбекистон ССРнинг биринчи прокуратураси биноси Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида жойлашгани аниқланди. 120 йил олдин қурилган ушбу тарихий иморат ҳозирда қаровсиз ҳолда бўлиб, прокуратура аралашуви билан маданий мерос объекти рўйхатига олинди ва реконструкция ишлари бошланди.
Қатағонга учраган 10 нафар ходимнинг яшаган манзиллари аниқланиб, кўча, маҳалла ва мактабларга уларнинг номларини бериш ҳамда ёдгорлик ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейида қатағон қурбонларига бағишланган алоҳида бурчак ташкил қилинган.
Бундан ташқари, яна 100 га яқин қатағон қилинган қозилар, судьялар, ички ишлар органлари ходимлари, ҳуқуқшунослар, адлия нозирлари ҳақида ҳам маълумотлар шакллантирилди. Янги маълумотларни ўрганиш учун илмий ходимлар Россия, Қозоғистон ва Туркия давлатларига юборилиши режалаштирилган.
«Тарихий хотира беқиёс» китоби билан танишиш жараёнида ғалати ҳолатни туйдим: кишида бир томондан кучли ҳасрат, бир томондан миллий ғурур пайдо бўлади. Китобдаги қаҳрамонлар суратига боқиб, виқор, ирода, қатъиятни кўрасиз. Биз учун сабоқ бўладиган жиҳати шуки, улар олдинда ўзларини қандай қисмат кутиб турганини билгани ҳолда кураш йўлида давом этган, ортга қайтмаган», деган республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо.
Ушбу кучли шахсият эгалари хотирасини абадийлаштириш орқали катта инсоний бурч бажарилмоқда. Ватанпарварликка, миллатпарварликка йўғрилган ўзбек меросининг янги саҳифалари очилмоқда.
Сиёсат
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ