Россиялик телебошловчига Қозоғистонга кириш тақиқланди

Сақлаш
19:57 / 22.01.2024 1095 0

Россиянинг ТНТ канали директори Тина Кенделаки унинг қозоқ тили ҳақидаги фикрларини танқид қилган қозоғистонликларни «манқурт»га қиёслаганди.

 

Россиялик телебошловчи ва ТНТ телеканали директори Тина Канделакининг Қозоғистонга кириши тақиқланади. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айбек Смадияров хабар берди.

 

«Агар зарур бўлса, чоралар кўрилади. Биздан бугун ёки эртага буни (мамлакатга кириши тақиқланганлар рўйхати) талаб қилманг, лекин давлат буни ҳеч қачон кечирмайди. Балки унда (Канделакида) Қозоғистонга келиш нияти йўқдир, лекин агар у келишга қарор қилса, уни киритишмайди», деган Смадияров журналистларнинг тегишли саволига жавоб берар экан.

 

2024 йил январь ойи ўрталарида Канделаки ўзининг Телеграм-каналида Қозоғистонда рус тилининг давлат даражасида сиқиб чиқарилаётгани ҳақида пост эълон қилди. У Қозоғистон Транспорт вазирлиги бир қанча темирйўл вокзалларининг русча номларини қозоқча номлар билан алмаштираётганини бунга мисол қилиб келтирган.

 

Канделакининг бу постига бир қатор қозоғистонлик депутатлар кескин реакция билдирди. Депутат Мақсат Тўлиқбай ҳозир Қозоғистон аҳолисининг 70 фоиздан ортиғини этник қозоқлар ташкил этишини ва қозоқ тили мамлакат туб аҳолисининг кўп қисмини бирлаштиришини эслатди.

 

«Бу қандайдир одамнинг шахсий фикри. Унинг (Кендалакининг) Қозоғистонга қандайдир алоқаси борми ўзи? У шу ерда эдими? Аслида ҳеч ким ҳеч нарсани сиқиб чиқармаяпти», дея Канделакининг баёнотига жавоб берган депутат Ирина Смирнова.

 

Кейинроқ россиялик телебошловчи қозоғистонликларнинг унинг постига муносабатига изоҳ бериб, буни «қизиқиш ва қайғу билан» кузатаётганини таъкидлади.

 

«Қичқириқ, шовқин, йўқолиш ҳақида маслаҳатлар — бунақалари кўп, лекин янги нарса йўқ. Буларнинг барчаси аллақачон содир бўлган. Ҳурматли қозоқлар, сизда оддий, аммо кенг қамровли тушунча бор — «манқу». Унда манқурт — хотирасини, ўзлигини, баъзан ақлини йўқотган одам образи келиб чиқади. Ўзини ва бўлиб ўтган барча нарсани хотирламаслик, тарихдан, жумладан тарихий номлардан воз кечиш тарзида нафақат саводсизлик, балки хавфли иш ҳамдир», деган ТНТ бош директори.

 

Шундан сўнг кўплаб қозоқ фаоллар россиялик телебошловчининг бу ҳақоратига муносиб жавоб бериш кераклигини таъкидлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//