Жаҳон
Дунё бўйлаб кенг тарқалаётган коронавируснинг янги «омикрон» штамми яна уч мамлакат ҳудудида рўйхатга олинди.
Хусусан, Таиландда илк касалланиш ҳолати Испаниядан учиб келган АҚШ фуқаросида аниқланган бўлса, Хорватияда бир йўла икки кишида янги штамм қайд этилди.
Россияда ҳам Жанубий Африка Республикасидан қайтган икки фуқаро мусбат натижа билан гумон остига олингани ҳақида хабар бергандик. Текширувлардан сўнг уларнинг ҳар иккиси ҳам «омикрон»ни юқтиргани маълум бўлди. Буни Россиянинг тегишли идоралари расман тасдиқлади.
Африка соғлиқни сақлаш илмий-тадқиқот институти профессори Виллем Ханекомнинг таъкидлашича, минтақада янги мутация вариантини юқтириш ҳолатлари коронавируснинг аввалги тўлқинига нисбатан бир мунча шиддатлироқдир.
Олимнинг хулосасига кўра, «омикрон» асосан ёшлар, айниқса эмланмаган йигит-қизлар орасида кўпроқ кузатилмоқда. Аммо бошқа ёш тоифасидагилар ҳам бу касалликка қарши барча эҳтиёт чораларини кўришлари зарур.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги штамм кенг тарқалишининг олдини олиш учун одамларга тезроқ вакцина олишни тавсия қилаётир. Чунки ҳозиргача 100 дан ортиқ мамлакатларда аҳолини эмлаш кўрсаткичлари 40 фоизга ҳам етмайди.
Ташкилот раҳбари Тедрос Гебреесуснинг маълум қилишича, дунёдаги эмланмаган қатламнинг катта қисми Африка қитъасида яшовчи одамлардир. Чунки ушбу минтақа мамлакатлари етарлича вакцина захираларига эга эмас.
Шунингдек, Т. Гебреесус шу кунгача жаҳондаги мавжуд вакциналарнинг 80 фоиздан ортиғи «Катта йигирматалик» (G20) давлатлари ўртасида тақсимланганини маълум қилди.
Анчайин қашшоқ ҳисобланган Африка мамлакатлари эса жами ишлаб чиқарилган вакциналарнинг атиги 0,6 фоизинигина олган, холос.
«Бундай ҳолат қанчалик узоқ давом этса, коронавируснинг тарқалиш ва мутацияга учраш имкониятлари шунчалик кенгайиб бораверади» — дейди ЖССТ раҳбари.
Бундай огоҳлик қўнғироғи қатор давлатларда вакцинация жараёнларини янада жадаллаштириб юборди. Жумладан, Италияда айни пайтда жамоат транспортидан СOVID-19га қарши эмланганликни тасдиқловчи сертификати йўқ фуқаролар фойдаланиши ҳолати аниқланса, улар катта миқдорда жаримага тортилмоқда.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ