Статистикани янада аниқроқ ва қизиқарлироқ қилиш мумкин. Масалан «илғор Қозоғистон тажрибаси» орқали

Сақлаш
15:52 / 06.01.2024 1489 0

2024 йил 5 январь куни 2023 йил бўйича статистикалар доирасида Ўзбекистонда чақалоқларга энг кўп қўйилган исмлар ва туғилиш статистикаси маълумотлари бир неча муассасалар томонидан эълон қилинди. Фаоллар ушбу маълумотлардаги чалкашлик ва ноаниқликлар, шунингдек статистикани янада қизиқарлироқ қилиши мумкинлиги борасида фикр билдирди.

 

2023 йилдаги туғилиш статистикаси Адлия вазирлиги ва президент ҳузуридаги статистика агентлиги томонидан очиқланди. Таниқли журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев ушбу маълумотлардаги номутаносибликларга эътибор қаратган:

 

«Йил боши, шу боис турли ташкилотлар ўтган йил якунларига оид қизиқарли рақамлар бера бошлайди. Улар рақамларни бераверади, буёқдан эски чалкашликлар юзага чиқаверади, биз ҳам эски саволларни такроран бераверамиз (хотира чатоқ, хотира).

 

Мана, адлиячиларнинг хабар беришича, 2023 йилда Ўзбекистонда 968 140 нафар бола туғилибди ва бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 28 360 та кам экан. Яъни, адлиячилар айтмоқчики, 2022 йили Ўзбекистонда 996 500 нафар – салкам 1 миллион бола туғилган эди.

 

Афтидан, инфографикада «кўпайган» сўзи ўрнига «камайган» деб ёзиб юборишган – 968 мингга 28 мингни қўшсак эмас, аксинча, айирсак, адлиячилар 2022 йил якунлари бўйича берган 939 046 га яқинроқ бир нарса – 939 740 сони чиқиб келади. Бу, биринчидан.

 

Иккинчидан, 939 046 бўладими, 939 740 бўладими, фарқи йўқ – адлиячилар бераётган ҳар иккала сон ҳам Статистика агентлигининг 2022 йилги туғилишлар сонига доир кўрсаткичи – 932 217 дан сезиларли кўп. Эски, жавоби эсдан чиққан савол шу ерда туғилади.

 

Масъуллар бунинг «сири»ни бир тушунтиришганди: адлиячилар барча туғилишларни – чақалоқ тирик туғилдими, ўлик туғилдими, фарқи йўқ – бир текисда ҳисоблаб кетади. Статистика агентлиги эса, халқаро тавсияларга асосан, фақат тирик туғилишларни ҳисобга киритади.

 

Шу ўринда яна бир савол туғилиши табиий – нима, Ўзбекистонда ҳар йили 6-7 минглаб чақалоқлар ўлик туғиляптими? Бунга менда ҳам жавоб йўқ ҳозирча. ЪПоччамиз тилга кирсалар, нима бўлганини ўзлари айтиб берадиларʼ, дейдику ЪУчрашувъда, ўша гапда, хуллас.Бу ерда, турган гапки, қандайдир тушунмовчилик бор. Бунинг учун бировни жазолаб, очиқ ташкилотларни ёпиб қўймаслик керак. Ўша тушунмовчилик топилиб, бартараф этилиб, очиқликка хос равишда бир чимдим изоҳ бериб қўйилса кифоя. Ҳеч бўлмаса, келаси йил шундай тушунмовчилик бўлмас. Яхши ниятда».

 

Журналист ушбу статистика борасида яна бир эътиборга молик фикр билдирган:

 

«Бугуннинг қизиқ (лекин муҳим бўлмаган) янгиликларидан бири – 2023 йилда Ўзбекистонда энг кўп қўйилган исмлар рейтингидир. Адлия вазирлигининг маълум қилишича, ўғил болалар орасида кетма-кет бешинчи йил Муҳаммадали исми, қизлар орасида эса кетма-кет олтинчи йил Солиҳа исми чемпион бўлибди.

 

Муҳаммадалигача ўғил болалар орасида Азизбек исми гегемон бўлган, лекин охирги тўрт йилда бу исм ўнликка ҳам кира олгани йўқ. Умуман, 2020 йилдан бери ўнлик фақат Абдуллоҳ, Мустафо, Имрон, Иброҳим ва ўзаги Муҳаммадли исмлардан иборат. Таққослаш учун, 2014-2015 йилги рейтингларда Асилбек, Умид, Озод, Шоҳжаҳон, Сардор, Жаҳонгир, Жавоҳир, Улуғбек каби исмлар кўп бўлган.

 

Қизлар рейтинги ҳам қизиқ. Масалан, 2013 йилдан 2016 йилгача Мадина, Дилнура, Маржона, Севинч, Малика, Фарангиз, Эъзоза, Умида каби исмлар трендда бўлган; Эъзоза ва Малика 2018 йилдан, Мадина эса 2020 йилдан ўнталикка кирмай қўйган. Аксинча, Мубина 2014 йилдан, Муслима(хон) 2015 йилдан, Солиҳа(бону) 2016 йилдан, И(й)мона 2017 йилдан, Шукрона 2018 йилдан, Ҳадича 2020 йилдан бери тренддан тушмайди.

 

Икки йилдан бери Ясмина ва Ифора исмлари ҳам трендда экан (дарвоқе, 2013 ва 2014 да Жасмина 1-ўринда бўлган). Бу йил Сумайя ва Саъдия исмлари биринчи марта ўнликка кирибди. Мубина эса ўнталикка киргани 2014 йилдан бери биринчи марта энг қуйидан жой олибди – 2024 йилда рейтингдан чиқиб кетади-ёв. Ишқилиб, буларга қараб маълум бир трендлар, тенденцияларни кўриш мумкин. Қизиқ.

 

Айни вақтда, маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги масаласи ҳам бор. Дейлик, Муслима ва Муслимахон – бир исм, аммо бир йил рейтингида иккита ўринда турибди. Рўйхатни Адлия вазирлиги шакллантиргани, улар учун Муҳрим ва Мухримхон умуман бошқа одамлар экани инобатга олинса (масалан, нотариус Муҳрим деган одамга ҳеч нарса ўтказиб беролмайди, чунки бундай одам йўқ), хато йўқ; бунақа рейтингларнинг идеалини, назаримда, маълумотларни Адлия вазирлигидан олиб, дата-журналистлар, мустақил тадқиқотчилар қилиши керак. Қизиқроқ тафсилотлар очилади.

 

Лекин, хоҳиш бўлса, тадқиқотчиларгача давлат ташкилотларининг ўзи ҳам буни зўр уддалаб қўйиши мумкин. Боя, шу мавзуда қўшниларда аҳвол қандай эканига қизиқиб, гугллаш асносида Қозоғистон Статистика бюроси сайтига кириб қолдим. «Машҳур исмлар» деган махсус бир саҳифаси бор экан. 1944 йилдан (!) Қозоғистоннинг ҳар ойлик исмлар рейтингини кўрса бўларкан. Даҳшат!

 

Яна бир қизиқ сервиси – «Мендакалар қанча?». Исмингиз, ёшингиз, жинсингиз, миллатингиз ва яшаш жойингизни киритиб (мен шунчаки бутун Қозоғистонни танлаб қўявердим), Қозоғистонда исми ва ёши сизникидек қанча одам борлигини билиб олсангиз бўларкан. Масалан, Қозоғистонда жами 34 та Хушнуд бор экан, шундан 19 нафари ўзбек, шунинг ҳам иккитаси 34 ёшда экан (бири ўзимизнинг Хушнудмикин деб ўйлаб қолдим), лекин бутун бошли Қозоғистонда бирорта ҳам Муҳрим йўқ экан, умуман, мутлақо! (алам, алам – лекин, бошқа томондан, ўзимга мотивация ҳамку!).

 

Хуллас, хоҳиш бўлса, нафақат охирги 10 йиллик, балки 80 йиллик мана шундай базани онлайнлаштириб, яна бошқа қизиқарли нарсаларни ҳам ҳавола қилса бўларкан. Илғор қозоқ тажрибасида, ҳа лаббай?!».

 

Блогернинг охирги фикрлари ҳақиқатдан актуал. Ўзбекистон Статистика агентлиги олдинроқ 1926 йилдан бошлаб ҳар ўн йилликдаги Ўзбекистон аҳолиси сони статистикасини эълон қилган эди. Аммо шундан кейин Ўзбекистоннинг тарихий статистикаларини эълон қилиш деярли тўхтатди.

 

Умуман тарихий маълумотларни очиқлаш ва ўзгача ёндашувлар орқали статистика қуруқ рақамлар эмаслигини кўрсатиш ва унга қизиқишни янад ошириш мумкин.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//