Оксфорд университети кутубхонаси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади

Сақлаш
09:12 / 29.12.2023 2065 0

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Оксфорд университетининг Бодлиян кутубхонасига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган қадимий ўзбек қўлёзма асарларини кўздан кечирди.

 

«Дунё» агентлиги хабарига кўра, 1602 йилда ташкил этилган Бодлиян кутубхонаси Оксфорд университетининг асосий тадқиқот кутубхонаси ҳисобланади. У Европадаги энг қадимий кутубхоналардан биридир. Ушбу маскан Буюк Британияда Британия кутубхонасидан кейин иккинчи йирик кутубхона саналади. Кутубхона фондларида 13 миллиондан ортиқ китоблар, архив ҳужжатлари, қўлёзмалар, жумладан, араб, форс, туркий ва эски чиғатой тилларига оид асарлар мавжуд.

 

Музокаралар чоғида мазкур кутубхонада қўлёзмаларни сақлаш бўйича тажрибаси билан танишиш мақсадида қадимий коллекцияларнинг «олтин фонди»га кириш бўйича келишувга эришилди. Бодлиян кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар ичида Султон Ҳусайн Бойқаронинг «Девони Ҳусайний», Аҳмад Термизийнинг «Фунуну-л-балоға», Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» ва «Сабаи сайёр» асарлари бор.

 

Британия томони Ўзбекистондаги кўргазмаларда намойиш қилиш учун Бодлиян кутубхонаси «олтин фонди»да сақланаётган қўлёзмаларни ижара бериш масаласини ўрганиш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни Буюк Британия технологияси асосида қадимий қўлёзма китобларни қайта тиклаш ва ўрганиш учун касбий тайёргарликка қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

 

Бодлиян кутубхонаси мутахассислари билан ўтказилган муҳокамалар якунида томонлар 2024 йилда Ўзбекистоннинг тегишли мутахассислари учун қўлёзмаларни қайта тиклаш, рақамлаштириш ва кўргазмалар ташкил бўйича Британия тажрибаси асосида онлайн ўқув семинарларини ўтказишга келишиб олди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси