“Хожа Аҳрор Валий айбдорми ёхуд канадалик олим нега чалкашган?”, “Маънавият бозорга чиқарилмайди”, “Хўрознинг думи борми?” – “Маънавий ҳаёт” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
22:40 / 26.12.2023 1113 0

“Бугун маърузалар вақти ўтди. Болаларни аниқ, реал ҳаётга ишонтириш, фикрлашга, тафаккур қилишга ўргатиш пайти келди. Аслида миллийлик дегани бир ҳудудда яшаётган одамлар ҳаётига дахлдор маънавий бутунликдир...” “Тушунмайдиган одам йўқ, тушунтира олмайдиган раҳбарлар бор” суҳбатида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг маънавият, миллий қадриятлар, ёш авлод тарбияси, бурч ҳақидаги мулоҳазалaри ўрин олган. Суҳбатнинг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2023 йил 4-сонида танишинг.

 

“Халқ адабиёт ва санъатнинг маърифати билан, билим ва тафаккурнинг қудрати билан уйғонади. Кўпчиган бемаъни бақир-чақирлар, урҳо-сур, толотўплар, бир-бирининг устига мағзава тўкишлар билан халқ эмас, аксинча, оломон уйғонади. Энг мураккаб, оғир йилларда Шерали Жўраевнинг қўшиқлари қалбларни уйғотадиган, миллатни уйғотадиган қўшиқлар бўлди. Хўш, бу қўшиқлар қандай пайдо бўлган?” Журналнинг “Ўтганлар ёди” рукнида Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг умр ва ижод харитаси ҳақидаги “Тоғ ҳайқириғи” мақоласи эълон қилинган.

 

“Аслида заводлардан чиқаётган зарарли газларни камайтириш, машинадан камроқ фойдаланиш ҳам сувни тежаш дегани. Зеро, сув тақчиллиги, қурғоқчилик хавфи бизнинг яшаб турган ҳаётимизга шу қадар яқин келиб қолдики, бундан кўз юмиб бўлмайди.”  “Сувсаётган замин дарди” мақоласида табиатдан узоқлашаётган одамлар ва глобаллашаётган сув муаммоси ҳақида маълумотга эга бўласиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларида “Хўрознинг думи борми?”, “Қондошим – қариндошим”, “Ҳайратлар хиёбони”, “Олимлик ва одамлик мезонлари”, “Мени ҳазрат Навоий қутқариб қолди...”, “Худо ёққан чироқ” мақолалари, “Отамнинг дўстлари болалар” хотирасини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Одамнинг 9 ҳоли”, “Қалтис саволларга нозик жавоблар”, “Худо ёққан чироқ” ҳақида сўз боради.

 

“Одам – атама эмас, унвон, унвон бўлганда ҳам жуда юксак унвон. Бу юксак унвонга муносиб бўлиш учун бир умр интилиш керак.” “Расул Ҳамзатов огоҳлантиради” сарлавҳаси остида эълон қилинган ҳикматлардан олинган бу огоҳлантиришни журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт” билан одамлик унвонини мустаҳкамлаб боринг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//