«Янги Ўзбекистон: Ижтимоий-дунёвий давлатдан маърифий жамият сари» мавзусида ўқув курси ташкил этилди

Сақлаш
21:25 / 07.12.2023 2194 0

4-7 декабрь кунлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимининг 100 нафар ходими Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтида “Янги Ўзбекистон: Ижтимоий-дунёвий давлатдан маърифий жамият сари” мавзусида 32 соатлик малака ошириш ўқув курси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир давомида бир қанча нуфузли олимлар, журналист ва масъул шахслар тингловчиларга турли йўналишларда ўз билимларини улашди.

 

 

Хусусан, 7-декабрь куни бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси маъсул ходими, профессор Абдухалил Маврулов “Ижтимоий ахлоқ ва янгиланаётган жамият” мавзусида нутқ сўзлади:

 

Профессор Абдухалил Маврулов

 

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёда мутлақ янги сиёсат юрита бошлади. Қўшнилар билан гиналарга чек қўйилди, чегаралар очилди. Мисол учун, бундан ўн йил олдин Ўзбекистон қўшнилари билан етти юзта муаммоли чегара низосига эга эди. Кимдир бирон кўлни меники дерди, бошқаси эса бирон кўприкни. 2023-йилнинг биринчи чорагига келиб, мана шу етти юзта низонинг бари ҳал қилинди. Бу ҳам янги ташқи сиёсатдаги ютуқлардан.

 

Қўшнилар билан яхши алоқалар жуда ҳаётий масала. Ҳозирда Ўзбекистоннинг ўзидаги сув манбалари мамлакатнинг сувга эҳтиёжининг 21 фоизини қоплайди. Қолган 79 фоиз сув қўшни давлатлардан кириб келади. Шундай экан, қўшниларимиз билан биргаликда ишлашимиз, ҳамкорлик қилишимиз лозим.

 

Қадриятлар масаласида ҳам кўп гапириляпти. “Қадриятларни янгилаш” дегани, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган қадриятлардан буткул воз кечиш дегани эмас, балки уларни такомиллаштириш, замонавий руҳ бериш демакдир”.

 

Анжуманда тингловчилар онлайн тарзда ҳам иштирок этди

 

Профессор бундан ташқари охирги вақтларда ўзгариб бораётган ахлоқ мезонлари, уларнинг ижобий ва салбий таъсирлари, уларни қандай қилиб фойдали томонга йўналтириш ҳақида ҳам гапирди. Хусусан, инсонлардаги СССРни қўмсаш, хотирлаш каби авж олаётган трендлар маънавиятчиларнинг қиладиган иши ҳали кўп эканини англатиши таъкидланди.

 

 

Шу билан бирга, янги Ўзбекистонда давлат моҳияти ўзгартирилгани, яъни илгаригидек давлат-жамият-инсон эмас, инсон-жамият-давлат формуласи амалиётга киритилгани қайд этилди.

 

 

Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғофуров ҳам қатнашди. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун бўйича нутқ сўзлаган Ғофуров тобора кучайиб бораётган диний радикализм, турли янги динлар, ноқонуний секталар, миссионерлик ҳаракатлари ҳақида гапириб, уларнинг хавфли томонларини тушунтирди.

 

 

Халқаро ислом академияси ректори мамлакатда диний фаровонликка эришиш ва бунда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг қанчалик муҳим роль ўйнашини ҳам айтиб ўтди.

 

 

Ушбу малака ошириш ўқув курсида тингловчи сифатида иштирок этган, Ўзбекистон республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бош мутахассиси Баҳриддин Зиятов анжуман ҳақида ўз фикрларини билдирди:

 

 

“Сўнгги йилларда республикамизда барча соҳаларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келиняпти. Бу ходимларнинг масъулиятини, ватанпарварлигини ошириш, коррупцион ҳолатларни камайтиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Жумладан, биз қатнашган ушбу тадбир ҳам жуда юқори руҳда ўтди. Масъуллар ва профессорлар ўз маърузаларида жуда фойдали билимларни улашди. Менимча, бундай малака ошириш дастурлари мунтазам ўтказилиши керак”.

 

Баҳриддин Зиятов

 

Тадбир якунида тингловчилар сертификатлар билан тақдирланди.

 

 

“Янги Ўзбекистон: Ижтимоий-дунёвий давлатдан маърифий жамият сари” мавзусидаги малака ошириш ўқув дастурининг навбатдаги курси 7-декабрь куни Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтида расман ёпилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//