Самарқандда “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” VII халқаро конгресси бўлиб ўтмоқда

Сақлаш
15:05 / 07.11.2023 1149 0

Кеча, 5 ноябрь куни “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” VII халқаро конгресси иш бошлади.

 

 

 

 

Кенг кўламли тадбир бир қатор миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар иштирокида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти томонидан ташкил этилмоқда.

 

– Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти етти йилдан бери самарали фаолият олиб бормоқда. Ҳар йили бир марта бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот бериш ва келгусидаги режаларни белгилаш анъанага айланган, – дейди Бутунжаҳон жамияти бошқарув раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати туфайли бошланган ушбу лойиҳа ўтмишда заминимизда яратилган, турли сабаблар туфайли ҳозирда чет элларда – йирик кутубхоналар, музейлар ва шахсий коллекцияларда сақланаётган санъат ва маданият дурдоналари ҳақида маълумот тўплаш мақсадини кўзлайди. Бу эзгу ғояни мамлакатимиз ва хориждаги олимлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари, ижтимоий масъулиятли бизнес вакиллари қўллаб-қувватлаб келаётганидан мамнунмиз. Лойиҳанинг асосий ҳомийси, маданий меросни чуқур англаш ва мақсадларимизни ҳаётга татбиқ этишда бизга катта ёрдам бераётган “Eriell group” раҳбариятига ҳам миннатдорлик билдирамиз.

 

 

 

 

 

Халқаро конгресснинг илмий қисми 5 та халқаро анжумандан иборат бўлиб, “Мероснинг янги қирраларини кашф этиш: жаҳон тўпламларидаги ўзбек коллекциялари”, “Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларида Шарқ қўлёзма мероси дурдоналари”, “Бутунжаҳон жамияти лойиҳаларида Марказий Осиё музейлари ва кутубхоналари”, “Марказий Осиё тарихи ва санъати: изланишлар ва кашфиётлар” ҳамда “Кино ва медиа олами: меросга янгича нигоҳ” каби мавзуларда 120 га яқин илмий маърузалар тингланди.

 

Конгрессда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан 61–70 жилддан иборат 10 та янги китоб-альбом тақдим этилди. Улар Озарбойжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия (шу жумладан, Татаристон), Туркиядаги Ўзбекистон маданий мероси тўпламларига бағишланган. Эътиборлиси, ушбу китоблар кутубхоналарга бепул тарқатиляпти.

 

Бутунжаҳон жамиятининг бошқа ноширлик лойиҳалари – “Шарқ миниатурасида тарихий шахслар”, “Клавихо: Самарқанддаги Темур саройига саёҳат кундалиги (1403–1406)”, “Риштон кулолчилиги”, “Ўзбекистон санъати дурдоналари”, “Орол ва Аму бўйларида: қорақалпоқ санъати”, “Бадиий атамалар энциклопедияси” альбомлари, шунингдек, “Безак энциклопедияси” каби нашрлар, “Ўзбекистон гиламлари”, “114 Қуръон”, “Шарқнинг 100 нодир қўлёзмаси” лойиҳалари ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

 

 

 

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU) 2018 йили дунёнинг 40 мамлакати 300 дан ортиқ шарқшунослари ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, 2019 йили Парижда расман рўйхатдан ўтган. Бу йил Бутунжаҳон жамияти Ўзбекистонда рўйхатдан ўтди ва Тошкент шаҳрида ваколатхонасини очди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//