Қозоғистон давлат хизматчилари қозоқ тилини билиши шарт бўлади

Сақлаш
16:10 / 20.10.2023 1376 0

Қозоғистон ҳукумати 2023-2029 йилларда давлат тилини ривожлантириш концепциясини тасдиқлади. Унга кўра, қозоқ тили давлат хизматларининг асосий тилига айланади. Ҳужжат матни мамлакат ҳукумати сайтида эълон қилинди.

 

«Концепцияни амалга ошириш жараёнида давлат хизматчиларига қозоқ тилини билиш мажбуриятини юкловчи талаблар ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, давлат тили давлат хизматининг асосий иш тилига айланади», дейилади ҳужжат матнида. 

 

Концепцияда КАЗТEСТ тизими бўйича қозоқ тилини Б2 даражасида биладиган давлат хизматчиларининг улуши 2029 йилда 50 фоизни (2023 йилда эса бу улуш 35 фоизни ташкил этади) ташкил этиши кераклиги қайд этилган. Давлат органлари ва миллий компанияларда давлат тилида ҳужжат айланмаси улушини 2029 йилда 94 фоизга (2023 йилда – 91 фоиз) ошириш режалаштирилган.

 

Шунингдек, Қозоғистон ҳукумати 2029 йилда давлат тилида сўзлашувчи аҳоли улушини 84 фоизга (2023 йилда – 81 фоиз), қозоқ тилидаги теледастурлар улушини 84 фоизга оширишни кўзлаган (2023 йилда 70 фоиз). Республикада ва хорижда ўтказиладиган халқаро тадбирларда қозоқ тилидан фойдаланиш улушини 75 фоизгача (2023 йилда – 52 фоиз) ошириш мақсад қилинган.

 

Қозоғистон Конституциясининг 7-моддасига кўра қозоқ тили давлат тили. Шу билан бирга, давлат ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида рус тили расмий равишда у билан тенг қўлланилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси