«Ўзбекистон темир йўллари» туркиялик сайёҳдан пора олган ходимни топа олмади

Сақлаш
17:10 / 19.10.2023 1015 0

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси туркиялик сайёҳдан 100 минг сўм пора олиб, унга яхши шароит яратиб берган ўз ходимини топа олмаганини тан олди.

«Тармоқларда Андижон йўловчи поездида турк сайёҳи ўз вагонидан юқори тоифадаги вагонга ўтиш учун вагон кузатувчисига пул берганлиги ва вагон тоифасини ўзгартирганлиги юзасидан тарқалган ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилди. Видеода керакли маълумотлар (қайси кун, поезд рақами ва вагон) акс этмаганлиги сабабли ҳолат ўз исботини топиши ва айбдор ходимни аниқлашнинг имконияти топилмади, — дейилган ташкилотнинг расмий баёнотида.

Компаниянинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда хорижлик фуқаролар томонидан, йўловчи поездларда вагон кузатувчисига пул таклиф этиб, вагондаги ўринни юқорироқ даражадаги вагон ўрнига алмаштирганлиги ҳақидаги видеороликлар тез-тез жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

«Жумладан, нидерландиялик блогер 6 июль куни «Афросиёб» электропоездидаги сафари давомида «эконом» тоифадаги ўрнини «вип» тоифага ўзгартирганлиги бўйича видеороликлар тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинланиб, текширув хулосасига асосан айбдор ходим лавозимидан озод этилган бўлишига қарамасдан октябрь ойида ушбу видеолавҳа ижтимоий тармоқларда қайта тарқатилди ва кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Ушбу жараёнда ОАВларда тарқатилаётган ҳар бир маълумот, фуқароларимиз ва юртимизга ташриф буюрган меҳмонларнинг мамлакатимиз темир йўллари ҳақида салбий тасаввурлар пайдо бўлишига олиб келади. Шу боис, «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ раҳбарияти фуқароларимизнинг ижтимоий тармоқларда исботланмаган, асоссиз маълумотларни тарқатмаслигингизни сўрайди, — деган ташкилотнинг ахборот хизмати ходимлари.

«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ раҳбарияти шундай ҳолатларга дуч келган фуқаролардан компаниянинг (+99871-299-94-50) ишонч телефонига қўнғироқ қилишни ёки @пастранс Телеграм манзилига мурожаат қолдиришни сўраган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси