Юридик атамалар электрон луғати ва ўзбек исмларининг изоҳли имло луғати тақдим этилди

Сақлаш
23:43 / 12.10.2023 1906 0

Адлия вазирлигида 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами” куни муносабати билан “Давлат тилини ривожлантиришда инновацион ечимлар” мавзусидаги тадбир ўтказилди.

 

Тадбирда икки муҳим лойиҳа жамоатчиликка тақдим этилди. Тақдимотда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Адлия вазирлиги масъуллари, тилшунос олимлар, ҳуқуқшунослар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

 

Тадбирда Юридик атамалар электрон луғати (тезауруси) ва ўзбек исмларининг изоҳли имло луғати лойиҳалари муҳокама қилинди.

 

Бугунги кунда юридик терминлар тизимини тартибга солиш (унификациялаш ва стандартлаштириш) ва шу асосда мамлакатимизда барча ҳуқуқ-судлов тизими учун юридик терминлар тезаурусининг ягона электрон платформасини ишлаб чиқиш эҳтиёжи мавжуд эди. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида “Юридик терминлар электрон тезауруси ва инновацион мультимедиа портали” ишлаб чиқилди.

 

 

Лойиҳада Адлия вазирлиги, Тошкент давлат Юридик университети, “Адолат” МҲАМ ва бошқа адлия муассасалари мутахассислари иштирок этди. Бугунги кунда жами 3236 та юридик термин ва тушунчанинг тезаурус луғат мақоласи тайёрланган, улардан 2116 таси thesaurus.tsul.uz  платформасига жойлаштирилган, 1126 та термин экспертиза босқичида. Экспертизадан ўтгандан кейин улар ҳам платформага жойлаштирилади.

 

Платформа орқали фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириш, марказлашган электрон базаларни яратиш, бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан электрон тарзда маълумот алмашишни ташкиллаштириш бўйича бир қатор натижаларга эришиш кутилмоқда.

 

Жумладан, ушбу платформа “Қонун ҳужжатлари маълумотлари Миллий базаси” (Lex.uz тизими) янада ривожлантирилишига ҳисса қўшади. Шунингдек, унинг “Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари ягона электрон архиви”, “Нотариуслар маълумотларининг автоматлаштирилган тизими” ва Суд департаментининг “Э-Ижро” ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши уларда қўлланиладиган юридик терминлар унификациясига хизмат қилади.

 

 

Бугунги кунда Давлат хизматлари тизимида, хусусан, ФҲДЁ бўлимларида, шунингдек, фуқаролик паспортларини расмийлаштириш жараёнида ўзбек исмларининг лотин ҳамда кирилл алифбосидаги имлоси, исмлар маъноси изоҳи, шунингдек, паспорт тизимида уларнинг инглиз тилидаги вариантининг тўғри ёзилишида қатор муаммолар мавжуд. Шунингдек, тилимиз янги исмлар билан бойитилган бир жараёнда уларнинг имлоси билан боғлиқ муаммоларга ечим сифатида “Ўзбек исмларининг изоҳли имло луғати” ҳамда унинг мобил иловаси яратилди.

 

 

Лойиҳа Адлия вазирлиги ташаббуси ва таклифига кўра Ўзбекистон республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети, Алфраганус университети, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси олимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан яратилди.

 

Ҳозирда порталда 10 минг атрофида исмлар мавжуд. Хусусан, арабча, ўзбекча, туркча, татарча, мўғулча, юнонча, сурёнийча, паҳлавийча, яҳудийча, сўғдча, ўзбекча-қадимий туркча исмлар келтирилган.

 

Лойиҳа натижалари ўзбек исмлари луғатини қадриятларимизга мос исмлар билан бойитиш ва захирасини тартибга солишга ёрдам беради. Давлат хизматлари тизими, ФҲДЁ бўлимлари, фуқаролик паспортини қайд қилиш соҳалари мутахассисларининг исмларни тил қоидалари ва қонуниятларига мос тарзда қайд қилишлари учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади. Луғатнинг замонавий электрон шаклларини яратиш келгусида уни мунтазам бойитиб бориш имконини беради ва улардан исталган пайтда фойдаланиш учун қулайликлар яратади.

 

Ушбу электрон луғатда исмларнинг ўзбек тили лотин алифбосида ҳамда инглиз тилида ёзилиши ва маъноси (изоҳи) акс этган. Луғат ФҲДЁ электрон тизимига интеграция қилинади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//