Маданият
“Сўзбозлик худбинликнинг энг юмшоқ, беозор кўриниши. Гарчи ўзимизни художўй кўрсатсак-да, амалда сўзбозликка ружу қўйганимиз бор гап. Сўзни исроф қилишдан, уни ёлғонга айлантиришдан қўрқмаяпмизми, демак, мунофиқликдан ҳам қўрқмаймиз. Хуллас, бугунги маънавий тийнатимиз сўзбозликка қурилмаслиги керак.” “Фикрни маърифат уйғотади” мақоласида бугунги давр инсондан тақозо этаётган муносабат ва вазифалар ҳақида сўз борган. Ёзувчи Назар Эшонқулнинг мазкур жамият, шахс, адабиёт, янгиланиш ҳақидаги мулоҳазаларининг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2023 йил 3-сонида танишинг.
“Қиймати Каъбадай кўрилган инсон нима қилсин, шу тақдирга рози бўлиб яшашда давом этсинми ё бу қудратли тўлқинга қайси куч, қайси юрак билан қарши турсин? Ўтган аср кашфиётларни маблағга айлантириш даври бўлса, йигирма биринчи аср туйғуларни ва мулоқотларни ҳам пулга айлантириш давридир. Бу талотўпда ҳазрати инсон не қилсин?” Журналнинг “Нафис мажлислар” рукнида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон ва филология фанлари доктори, профессор Йўлдош Солижоновнинг “Технотрон эра: Худонинг назаргоҳига назар” суҳбати эълон қилинган.
“Глобусдаги номлар шу қадар кўпки (Австралия қитъасига доим 70 тача ном кўрсатилган, Жанубий Америкада 100 дан ортиқ, Африканинг экватордан жанубдаги денгиз бўйларида 30 тача ном ва ҳоказо), бошқа глобусларда унчалик ном йўқ, ҳатто бу қадар зич ёзилган карталар кам учрайди. Бу, шубҳасиз, ушбу глобуснинг устунлиги ва қимматли маълумотнома эканлигини исботлайди.” “Глобус ясаган жадид” мақоласида самарқандлик тараққийпарвар Ҳожи Юсуфнинг жўғрофия, астрономия фанларидаги ишлари ҳақида маълумотга эга бўласиз.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Истиқбол уфқлари”, “Шараф йўлидаги йўловчи”, “Мен бошқа яшолмасдим”, “Оксана афсонаси”, “СССР: дунёнинг энг катта самолёти ва йиртиқ пойабзали”, “Сунъий интеллектнинг болалиги” мақолалари, “Нон” мангу тимсолини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Лаҳзаларда ҳаёт акси”, “Лақма лақаб орттирар”, “Кашмир можароси” ҳақида сўз боради.
“Бугун саводли дунёда ўқишнинг ўзи камлик қилади, бугун борлиқни англаш, унга муносабат билдириш учун идрок, тафаккур, англам биринчи вазифа саналади”. “Фикрни маърифат уйғотади” мақоласидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Маънавий ҳаёт” билан маърифатли бўлинг ва фикрларингизни уйғотинг.
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ