Олтойда Халқаро бахшилар қурултойи бўлиб ўтди. Анжуманда ўзбек олимлари ҳам қатнашди

Сақлаш
02:58 / 22.09.2023 2263 0

Горно-Альтайск шаҳрида “Замонавий маданиятда эпик мерос” халқаро форуми ва Халқаро бахшилар қурултойи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Oyina.uz портали хабар бермоқда.

 

Анжуман Россия Федерациясида Устоз ва мураббийлар йили муносабати билан олтой халқ кайчи (бахши)си Табар Чачияков таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб “Халқаро маданий марказлар 2023” федерал лойиҳаси доирасида ўтказилди.

 

 

Қурултойда ўзбекистонлик олимлар, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Анвар Бўронов ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, Oyina.uz портали бош муҳаррири Фаррух Жабборов иштирок этди.

 

 

14 сентябрь куни Олтой Республикаси миллий театрида қурултойнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Россия Федерациясининг турли ҳудудлари ва қўшни давлатлардан келган меҳмонлар, олтой урф-одатларига кўра, эзгу тилаклар, эҳтиром рамзи бўлган белбоғ ва миллий таомлар билан кутиб олинди.

 

 

 

Форумни табрик сўзи билан Олтой Республикаси раҳбари, ҳукумат раиси Олег Хорохордин очиб берди. Олтой Республикаси Давлат Мажлиси – Эл Курултайнинг қўмита раиси Наталя Екеева, Россия театр санъати университети доценти, РФда хизмат кўрсатган маданият ходими, халқаро маданий лойиҳалар ижодий куратори Юлия Болшакова, ЮНEСКО ишлари бўйича РФ комиссияси аъзоси Иван Белеков қатнашчиларни қутлади.

 

 

“Турк-Кабай” этногуруҳи ҳамда “Алтам” миллий рақс ва қўшиқ театри ижодий чиқишларини тақдим этди. Тадбир доирасида матбуот анжумани ўтказилди. П.В.Кучияк номидаги Миллий драма театри катта саҳнасида олтойларнинг “Маадай Кара” достони асосида спектакл  намойиш қилинди (режиссёр Андрей Борисов).

 

 

15 сентябрь куни Олтой Республикасининг М.В.Чевалков номидаги Миллий кутубхонаси мажлислар залида “Эпик мероснинг замонавий санъат ривожига таъсири” мавзусида анжуман ташкил этилди.

 

 

Давра суҳбатида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон ҳамда Бошқирдистон, Саха (Якутия), Тива, Хакасия, Татаристон, Москва ва Санкт-Петербургдан офлайн ва онлайн режимда қатнашган олимлар, режиссёрлар, санъаткорлар халқ оғзаки ижодининг ҳаётбахш қудрати тўғрисида сўзладилар.

 

 

 

 

Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Анвар Бўронов Олтой ва Ўзбекистон топонимлари орасидаги ўхшашликлар юзасидан маъруза қилди. ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тадқиқотчиси Фаррух Жабборов эса ўзбек “Гўрўғли” туркум достонларида қаҳрамонларнинг ерости олами ва самовий сарҳадларга сафарлари, бундай сюжетлар билан олтой фольклоридаги параллеллар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

 

Миллий драма театри саҳнасида Олтой, Тива, Ёқут халқлари эпоси асосида яратилган “Учар ўқлар қўшиғи” спектакли намойиш этилди (режиссёр Мария Маркова). Ролларни Арктика давлат маданият ва санъат институти талабалари ижро қилдилар.

 

 

 

16 сентябрь куни А.В.Анохин номидаги Миллий музейда олтой кайчилари ички бўғиқ овозда куйлаш маҳоратидан машғулот ўтишди. Учрашувда РФда хизмат кўрсатган артист, кайчи Ногон Шумаров анъанавий ижрочиликнинг ўзига хосликлари ҳақида маълумот берди. Халқаро бахшилар қурултойининг кўп карра ғолиблари Кидраш Шумаров, Наталя Енчинова, Монуне Тайтиков ҳамда ёш кайчи Тимур Минаковнинг чиқишлари катта қизиқиш билан қарши олинди.

 

 

 

 

Миллий театр саҳнасида қурултойнинг якуний концерт дастури қизғин суръатда ўтди. Олтой Республикаси маданият вазири Олга Антарадонова фаол иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширди. Халқаро бахшилар қурултойининг турли йиллардаги ғолиблари, этнографик ижодий жамоалар ва форум меҳмонлари ижросидаги куй-қўшиқлар барчани хушнуд этди.

 

 

 

 

 

Фотосуратлар муаллифи: Арина Бутушева

 

Oyinauz'ни телеграмда кузатинг

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//