Сиёсат
Адлия вазирлиги қонунчиликда географик кўрсаткичларни тартибга солиш тизими бўйича тушунтириш берди.
Вазирликка кўра, мамлакатимизда географик кўрсаткичлар 2022 йил 3 мартда қабул қилинган “Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади.
Вазирлик хорижда географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номлари рўйхатдан ўтказилгандан ҳудуд ва маҳсулотларни эслатган. Масалан, Испанияда биргина гўшт бўйича 16 та географик кўрсаткич, Грузияда эса вино бўйича 20 га яқин географик кўрсаткичлар рўйхатдан ўтказилган.
Чет элдаги географик кўрсаткичларга мисол қилиб “Switzerland” ёки “Swiss” (соатлар), “Feta” (пишлоқ), “Gorgonzola” (пишлоқ), “Mozarella di Bufala” (пишлоқ), “Gouda Holland” (пишлоқ), “Vodka of Finland” (ароқ), “Irish Whiskey” (виски), “Scotch Whisky” (виски), “Champagne” (вино), “Кубанский картофел”, “Тулский самовар” ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Вазирликка кўра, мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 5 та шундай интеллектуал мулк объектлари Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган, шу жумладан “Зомин тандир гўшти”, “Марғилон адраси”, “Марғилон атласи”, “Қўқон пичоқлари” ва “Ғиждувон шашлик”.
“Маҳаллий тадбиркорлик субъектлар географик кўрсаткич билан белгиланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни муваффақиятли ривожлантириши мумкин. Сабаби Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида географик кўрсаткичлар сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин бўлган ноёб маҳсулотлар мавжуд. “Чуст пичоғи”, “Бухоро гилами”, “Бахмал олмаси”, “Мирзачўл қовуни”, “Самарқанд нони”, “Қашқадарё тандир гўшти”, “Паркент узуми”, “Қўқон гилоси” ва шу каби товарлар Ўзбекистондан ташқарида ҳам илгаридан машҳур ҳамда истеъмолчилар ушбу товарларнинг сифати ва ном қозонганлиги учун жуда қадрлайди”, дейилади вазирлик изоҳида.
Вазирликнинг маълум қилишича, рўйхатдан ўтган географик кўрсаткичдан фойдаланишни истаган тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда (Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Маъмурий регламент) Адлия вазирлигига талабнома топширишлари мумкин. Албатта бунда тадбиркорлик субъекти ушбу географик объектда жойлашган ва тегишли товарни ишлаб чиқараётган бўлиши лозим.
Талабнома Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилади ва натижаси бўйича географик кўрсаткичдан фойдаланиш бўйича гувоҳнома берилади ҳамда гувоҳноманинг амал қилиш муддати унинг эгаси томонидан берилган аризага кўра ҳар сафар 10 йилга узайтирилиши мумкин.
Гувоҳноманинг эгаси географик кўрсаткичдан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай усулда фойдаланишга ҳақли. Масалан, ишлаб чиқаришда, сотишда, кўргазмаларда, экспорт қилишда, рекламаларда, тегишли ҳужжатларда қўлланилади. Бунда географик кўрсаткич билан бир қаторда айлана ичига олинган, лотин алифбосидаги “GI” ҳарфлари тарзидаги огоҳлантирувчи тамға қўйилиши мумкин бўлиб, у товарда ёки унинг ўровида қўлланилган белги Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткич эканлигини билдиради.
Географик кўрсаткичдан қонунга хилоф равишда фойдаланилган ёки у билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланилган товарлар, товарларнинг ёрлиқлари, ўровлари контрафакт ҳисобланади ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик келтириб чиқаради.
Жамият
Жамият
Жамият
Маданият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ