Маданият
Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исъҳоқжон Бегматовнинг солиқлар ва кешбэк иловалари халққа, савдогарларга зулм қилаётгани тўғрисидаги маърузаси кескин мунозараларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлар идораси муносабат билдирди.
“Таъкидлаш керакки, Исъҳоқжон Бегматовнинг мазкур қарашлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмайди, балки унинг ўзбошимчалик ила айтган шахсий фикридир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази томонидан ушбу фаолият тури батафсил ўрганилиб, кешбэк каби иловалар орқали келиб тушадиган маблағ, мукофот ёки бонус жоизлиги ҳақида авваллари икки марта фатво берилган. Бунда ғарар (алдов) ва рибо аралашмаслиги шарт қилинган”, дейилади муносабатда.
Солиқ иқтисодиёт асосларидан бири бўлиб, ижтимоий ҳимоя, хайрия ишлари, боғча, мактаб, мудофаа каби аҳоли учун зарур объектларни молиялаштириш, шунингдек, йўл, кўприк ва шифохона сингари кўпчиликка муҳим иншоотларни қуриш ҳамда пенсия, нафақалар солиқ тушумлари ҳисобидан амалга оширилади.
Солиқлар ҳар бир замон ва маконда мавжуд бўлган. Ислом динида ихтиёрий хайрияларга ҳадя, садақа кабилар кирса, мажбурийлари қаторига закот, ушр, фитр садақа, фидя ва жизя кабилар киради. Ислом тарихида ҳам мана шундай йиғимлар ҳукумат ишларини юритиш, ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, хавфсизликни таъминлаш, кўприк ва шу каби инсонларга манфаат келтирадиган иншоотларни барпо этишга сарфланган.
Шунингдек, муносабатда айтилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини қонунчилик талабларига ҳурмат билан ёндашишга мунтазам чақириб келган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аввал ижрога йўналтирилган ҳужжатларда имом-домлалар амалдаги қонунчилик талабларига риоя этишлари, меҳнат мажбуриятларига амал қилишлари ҳамда мунозарага сабаб бўлувчи чиқишлар қилмасликлари қатъий белгилаб қўйилган.
“Афсуски, Исъҳоқжон Бегматов мазкур чиқишида меъёрий ҳужжатлар талабларини бузиб, ушбу йўналишдаги буйруқлар, ички тартиб қоидалар ҳамда меҳнат мажбуриятларига амал қилмагани маълум бўлди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси шу йил 25 август куни Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исъҳоқжон Бегматов хатти-ҳаракатини кўриб чиқади”, дея қўшимча қилинган баёнотда.
Кўп ўтмай идора Исоқжон Бегматовнинг имом-хатиб вазифасидан озод этилгани ҳақида хабар берди.
Қайд этилишича, ички назорат комиссияси аввал ҳам ушбу имом-хатибнинг чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий огоҳлантирган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ