Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институти мансабдорлари 2 млрд сўмдан ортиқ маблағларни ўзлаштирди

Сақлаш
01:37 / 20.07.2023 1177 0

Абдулла Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти мансабдор шахслари катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиргани маълум бўлди.

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар беришича, февраль ойида фуқаро Н.О. томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли Абдулла Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари бўйича агентликка келиб тушган мурожаат кўриб чиқилган.

 

Ўрганишлар давомида аниқланишича, институт томонидан вазирликнинг “Зўр” (“Класс”) лойиҳаси доирасида 2021—2022-ўқув йилларида ҳудудлардаги мактаб ўқувчиларига рус тилини ўргатиш учун 150 нафар россиялик мутахассиснинг ташрифи кўзда тутилган ҳамда уларнинг уй ижараси учун Araks Trade Business МЧЖ билан 8 миллиард 473,4 миллион сўмлик шартнома имзоланган. Ушбу шартнома комплекс экспертизадан ўтказилмаган ва уни тузишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.

 

Araks Trade Business МЧЖнинг 2013—2021 йиллардаги таъсисчиси К.Ф. бўлиб, у 2018 йилдан буён Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш бўйича миллий тадқиқот институтида ўқув-методик ишлар бўйича проректор лавозимида ишлайди.

 

Шартномага мувофиқ, 149 та уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақиқатда сарфланган маблағлардан келиб чиқиб, институт томонидан харажат қилинган сумма 4 миллиард 858 миллион сўмни ташкил этган. Бироқ 2021 йил cентябр — 2022 йил июнь ойларида Россиядан амалда келмаган 31 нафар ўқитувчига 4 ойдан 10 ойгача яшамаган ижара уй-жойлари учун 569,4 миллион сўм ортиқча тўланган. Шунингдек, уй-жой ижараси ва кўрсатилган хизматлар учун 4 миллиард 858 миллион сўм тўланиши лозим бўлса-да, институт томонидан 7 миллиард 52 миллион сўм маблағ ўтказиб берилиши ҳисобига Araks Trade Business МЧЖга 2 миллиард 194,2 миллион сўм маблағ ортиқча тўлаб берилган ва бу маблағ кейинчалик ўзлаштирилган.

 

Қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган ҳужжатлар асосида ўтказилган терговга қадар текширув натижалари бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан институт ва Araks Trade Business МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” билан жиноят иши қўзғатилган ва Олмазор туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айни пайтда ҳолат бўйича суд жараёнлари кечмоқда.

 

Oyina.uz'ни Телеграмда ўқинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//