Танқид анатомияси, тоши оғир андиша, Табризий ва Румий учрашуви ҳақида “Tafakkur” журналининг янги сонида ўқинг

Сақлаш
01:02 / 19.07.2023 1316 0

“Саводсиз мардумнинг уч тури бўлади. Биринчиси – ўз аҳволини билгани. Бу тоифа ҳар бир издиҳомга ўзини уравермайди, ичида ўзидан уялиш ҳисси бўлади. Ана шу уят унга чегарасини, ҳаддини кўрсатиб туради. Нима бўлганда ҳам кўрпасига қараб оёқ узатади. Иккинчиси – ўз аҳволини такаббурлик билан хаспўшлайдиган. Бу жуда хатарли тоифа. Хатарли жиҳати шундаки, улар ҳеч қачон оқимга қарши сузмайди, ҳеч қачон тарозининг енгил тарафига чиқмайди... Учинчиси, ўз аҳволини билмайдиган саводсиз. Буниси энди даҳшат!” Қўрқув синдроми, саводсизлик балоси ҳақида сўз борган “Фирқасиз” муаллифдан фирқалар”нинг тўлиқ матнини “Tafakkur” журналининг 2023 йил 2-сонида  ўқинг. Журналда янги – “Курашдаги икки тўлқин” рукни остида интернетда фаол қаламкашларнинг жамиятдаги оғриқлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари чоп этиб борилади. Янги рукннинг илк меҳмони шоир, публицист Алишер Назар.

 

“Конституцияда “инсоф” деган норма йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас, ахир. Чунки инсофнинг меъёри, мезони, ўлчови, чегараси бўлмайди. Халқимиз орасида “Ғар бўл, ўғри бўл, инсоф билан бўл” деган ғалатироқ мақол кўп ишлатилади. Қонун бундай эгилувчанликни мутлақо қабул қилмайди. Қонунда ғар бўлиш ҳам, ўғри бўлиш ҳам қатъиян, яъни мутлақо ман этилади, вассалом. Акс ҳолда, “Пора олсанг, минг доллар олма, инсофли бўл-да, юз доллар ол”, деганга ўхшаш фатво берилгандек бўлиб қолади...” – Янгиланган Конституция ҳақида “Ҳар кимга дастуриламал” мақоласи мутолааси давомида атрофлича жавоб оласиз.

 

“Яқинда Рюноскэ Акутагаванинг “Ёлғизлик жаҳаннами” ҳикоясини ўқидим. Таржима анча бўш чиққан, назаримда, чунки русчасини ўқиган танишим менга жуда бошқача таърифлаган эди. Алҳол, ҳикоядан чиқарган хулосам жаҳаннам бўлмалари ичида энг даҳшатлиси – одам ёлғиз ташланадиган жой экан. Бошқа хоналарда ҳартугул қисматдошлар бўлади, бунда эса бўшлиқ ва сен! Менимча, ерда ҳам шундай даҳшатга гирифтор кимсалар учрайди...” “Жавондаги жавоҳир” рукнида “Сўз бизни кечирармикан” сарлавҳаси билан эълон қилинган китобхоннинг Увайс устози, мутолаадан кейинги ҳайрати, Годонинг бўриси билан танишасиз.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Келажак мусаввири”, “Баҳрибайт” мақолалари, “Қалтис танлов қаршисида” эссеси, “Адашмоқ саодати” шеърий туркуми ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Замону макон танламас қадрият”, “Ҳур фикр майдони”, “Маърифатдан маҳрум маъсумалар”, “Синкретизм нима?” мақолалари эълон қилинган.

 

“Андишанинг тоши оғир” суҳбатида фикр ва журъати пойдор, маслаги кучли одамга “Бутун одам” таърифи берилган. Журналнинг ушбу сонига хулоса ўрнида келтирмоқчи бўлганимиз: “Tafakkur”ни ўқинг, “Бутун одам” мақомида бўлинг!

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//