Жамият
Бугунги кун интернет фойдаланувчилари орасида инста-вайн жанри ишқибозлари талайгина. Шунингдек, вайн ижодкорларининг сони ҳам тобора ортиб бормоқда. Ўз-ўзидан рақобат муҳити шаклланган бир вақтда “еб кетадиган”, “трендга чиқадиган” вайнлар олиш осон эмас. Афсуски, бу вазиятда ахлоқ ва мантиқ чегараларини бузаётганлар, сунъий равишда кулдириш учун вульгаризмдан фойдаланаётган “ижодкорлар” ҳам талайгина.
Бир неча кун олдин Mominlive тахаллуси билан ижод қилаётган Мўмин Иброҳимов, Асқар Ҳикматов, Ўткир Шодмонов, Нилуфар Икромова каби бир гуруҳ юмористлар иштирокида “Ўша замонларда ҳам “запаллар” бўлган экан” номи билан вайн эълон қилинди. Вайн мазмунига кўра, малика Моҳларойим бегона йигит билан ўз саройида учрашиб юради ва уларнинг ишқий муносабатларига “тўшак” мавзуси ҳам аралашган. Маликанинг отаси эса бу икки ёшни “тутиб олади”. Видео диалогларига баъзи вульгаризмлар ҳам аралашган.
Мазкур вайнга муносабатлар иккига бўлиниб қолган. Бачкана ва ахлоқсиз вайнларни кўравериб бети қотган Instagram “аҳли” вайнни олқишлаган бўлса, бирмунча зиёли кузатувчилар макони – Facebook'да қаттиқ танқидларга учраган.
Масалан, бир гуруҳ ёшлар Instagram'да ижодкорларни “янгича йўналиш муаллифлари” дея баҳолаб, ўз изҳорларини яшириб ўтирмаган. Шунингдек, Алишер Узоқов, Шоҳжаҳон Жўраев каби таниқли санъаткорлар ҳам ўзларининг ҳазиломуз муносабатларини билдириб ўтишган.
Айтганимиздек, Facebook'даги вазият бу қадар позитив эмас. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Ботир Эргашев ўз саҳифасида видеони улашиб кескин муносабатини билдирган:
“Гапимга кулар экан, деб бир тўп бачкана, уяти йўқлар Моҳларойим ва унинг оиласи образида чиқиб, жудаям шармандали видео ишлашибди.
Аллоҳдан бу уятсизларга инсоф тилайман. Халқнинг бетини қотириб, ўзларига ўхшатиб бўлишдики, ҳеч ким бу “артс”ларни мушугини пишт, демаяпти. Улар эса бундан нотўғри хулоса қилиб, истаган уятсизлигини қиляпти”.
Табиийки, муносабат остида бир қанча жамоатчилик фаоллари шоир фикрига “қўшимча” қилган.
Тан олиб айтиш керак, юқорида номлари саналган юмористларнинг иқтидори ўзига хос. Уларнинг вайнлари орасида ҳақиқатдан сифатлилари кўп. Ўйлаймизки, улар тарихий шахслар ва тарихий қадриятларни мазахламасдан туриб ҳам обуначиларини кулдира олишади. Шундай экан, бугунги кун вайнерлари мавзу ва ёндашувни танлашда эътиборлироқ бўлса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ