Июль ойида ҳам аномал иссиқ бўладими? “Ўзгидромет” жавоб берди

Сақлаш
03:57 / 08.07.2023 1871 0

“Ўзгидромет” июль ойида қандай об-ҳаво кузатилиши ҳақида маълумот берди. Унга кўра, ушбу ойда аномал иссиқ кутилмаяпти.

Жорий йилнинг июль ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланди. 3–4-июль кунлари эса Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига иссиқ пасая бошлади ва ҳафтанинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 31–36 даражагача тушди. Ушбу кунларда жанубий ҳудудларда ҳам кундузги ҳарорат 39 даражадан ошмаган.

6–7-июль кунлари республиканинг бир қатор туманларида қисқа муддатли ёмғир ёғди ва момақалдироқ кузатилди.

Ўзгидромет маълумотига кўра, 9–10-июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келади ва ҳарорат кўтарила бошлайди.

Иссиқ об-ҳавонинг чўққиси 11–13-июль кунларига тўғри келади. Кундузи ҳаво ҳарорати 39–42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 43–45 даражагача кўтарилади.

Бироқ бу иссиқ давр узоқ бўлмайди. 13 июлдан республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига, 14 июлдан барча ҳудудларга, бу сафар Кавказдан салқинроқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат фони 3–5 даражага пасаяди. Ҳароратнинг энг сезиларли пасайиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кузатилади, бу ерда ҳаво ҳарорати 5–7 даражага пасаяди.
 

Сўнг июль ойининг охиригача ҳароратни қисқа муддатга кўтарилиши кузатилади, лекин синоптиклар ушбу ойда аномал иссиқ кутмаяпти, дейилади хабарда.
 

 

Маълумот ўрнида, Тошкентда 1997 йил 18-июль куни ҳаво ҳароратининг мутлақ максимуми кузатилди, бунда ҳарорат 44,6 даражани ташкил этди. Бу қийматга яқин ҳарорат 1881 йил 6 июлда (44,1 даража) ва 1983 йил 30 июлда (44,5 даража) қайд этилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//