Маданият
“Жўжа тухумдан чиқиши учун ичкаридан тешиши керак. Агар тухум ташқаридан тешилса, жўжа ўлиб қолади. Ҳамма нарса ичкаридан етилиб келади. Бу ахлоқ, адабиёт биринчи ўринда туриши керак дегани... Адабиёт ривожланмайди. Агар ривожланганида эди, Навоийни инкор қилган бўлардик. Лекин ҳар бир даврнинг ўз чўққилари бўлади. Хўш, қандай асарлар бизгача етиб келди? Ўзагида ахлоқ бўлган, инсоннинг камолига хизмат қиладиган чўққилар қоляпти. Бошқа ҳаммаси йўқликка маҳкум.” Уч авлод вакиллари томонидан ўтмиш, бугун ва келажак орасидаги инсоният топиш ва йўқотишлари ҳақида мулоҳаза юритилган “Оқсоқоллар қаерда” давра суҳбатининг тўлиқ матни билан “Маънавий ҳаёт” журналининг 2023 йил 2-сонида танишинг.
“Ҳазратим илмни диний ва дунёвийга эмас, фойдали ва фойдасизга ажратарди. Бугун биз дунёвий деб мезонга солаётган илмларни у киши доим муҳим ҳисоблаган. Жамиятни илмли қилишда аёлларнинг ўрни беқиёслигини доим таъкидлаган. қайси соҳада бўлмасин, ўқиган қизларни кўрса жуда қувонарди. боиси, ҳазрат учун энг асосий ўлчов ўқиш бўлиб, кимнидир мақтаса ҳам, койиса ҳам “ўқиган” ё “ўқимаган” сифатини берарди.” Журналнинг “Оталар ва қизлар” рукнида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида қизи – Одинахон Муҳаммад Содиқнинг хотиралари “Ҳазратимни шундай эслайман” сарлавҳаси остида эълон қилинган.
“Баъзан ватан ва ватанпарварлик ҳақида давраларда баландпарвоз, сохта гапларни тўтиқушдай қайтараётган айрим кимсаларни кўрганимда, бировнинг тўйига бориб, бир сўм тўёна қилмайдиган, лекин еб-ичиб, маст бўлиб, тан билан жонни тўёна қилиш ҳақидаги қўшиқни қайта-қайта айттириб, ҳаммани безор қиладиган ўша одам эсимга тушади.” “Мегаполисдан Ҳимолай чўққисигача ёхуд ақл ва нодонлик қилкўпригида” мақоласида ватансизлик, оломончилик, дидсизлик каби аср муаммосига айланаётган иллитлар ҳақида сўз боради.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Ижтимоий қўрқув”, “Цезарга қараганда у севишга арзигуликдир”, “Уч ўзан бирлашганда”, “Ўзбек ўз қаҳрамонларини танисин” мақолалари, “Муносиб хонадонга муносиблик” хотиралари, “Театр – ёлғон санъатми?” нафис мажлиси, “Томирларим ёхуд оиламиз тарихидан икки лавҳа” ҳикоясини ўқишингиз мумкин. Шунингдек, “Тилсимланган исмлар”, “Элшунос академик”, “Халқ юрагига муҳрланган шахслар”, “Қалтис саволларга нозик жавоблар” ҳақида сўз боради.
Журналнинг мазкур сонига “Ҳар бир халқ улкан дарахтга ўхшайди. Унинг илдизлари нақадар теран бўлса, қадди-басти ҳам шунга яраша улуғ бўлади. Маънавият халқнинг ана шундай ўқ томиридир. Бу илдизлардан сув ичган авлод асло кам бўлмайди. Кўзлаган муродига шу қувват билан етади.” ҳикмати хулоса ясаган. Биз уни “Маънавий ҳаёт” журналини мутолаа қилишга даъват ўрнида келтирдик.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ