Жамият
Италиянинг тарихий илмий-оммабоп адабиётларга ихтисослашган етакчи нашриётларидан бири “Сандро Тети Эдиторе” нашриёт уйи Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг машҳур “Бобурнома” асарини итальян тилида юқори полиграфик сифатда чоп этди.
Бобур ижодининг дурдонаси, ҳеч шубҳасиз, XV-XVI асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эронда содир бўлган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи “Бобурнома” тарихий-биографик асаридир. Ғоят муҳим ва кўп қиррали маълумотлар асосида моҳирона тартиб берилган ушбу хотира китобини мазмун жиҳатидан беқиёс ҳаётий энциклопедияга қиёслаш мумкин. “Бобурнома” ўзида халқимизнинг азалий қадриятлари, интеллектуал ва маънавий олами хазиналарини бамисоли кўзгудек акс эттиради.
Ушбу нашр ўзбек ва итальян халқлари ўртасидаги адабий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларининг самарали ва ёрқин намунаси сифатида дунёга келди.
Асарни итальян тилида нашр этиш жараёнларига мазкур нашриёт раҳбари Сандро Тети бошчилигидаги малакали таржимонлар, муҳаррирлар ва дизайнерларнинг катта гуруҳи жалб этилган. Китобни тайёрлашда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов ва италиялик таниқли турколог, профессор Федерико Де Ренси илмий ва адабий муҳаррирлар сифатида иштирок этган.
Асарнинг итальянча таржимаси Уилер М.Такстоннинг инглиз тилидаги таржимасига асосланган бўлиб, у Бобур Мирзо ёдномаларининг барча хусусиятларини имкон қадар кўпроқ ва тўлиқлигича сақлаб қолган, “зеро, хотираларнинг яхлитлиги XVI аср Осиё тарихидаги асосий қаҳрамонлардан бирининг ёрқин қиёфасини аниқ акс эттиради”.
Ушбу нашр Бобурийлар даврига оид 96 та бадиий миниатюра билан безатилган. Бу суратлар ўша замон учун тарихий, географик, этимологик омилларни тўлиқ ҳисобга олган ҳолда, китоб қаҳрамонларининг характерлари ва ички дунёсини ҳақиқий, реалистик тарзда очиб берадиган рангтасвирнинг илғор йўналиши бўлган. Машҳур мўъжаз расмлар ранглар палитраси, нафис безаклари ва теран маъноси билан ажралиб туради.
Кўп нусхада чоп этилган “Бобурнома” китоби Италия ва Европанинг кўплаб китоб марказларига тақдим қилинади.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Маданият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ