Жаҳон
Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) депутатлари мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевни омма олдида ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарликни бекор қилувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон адлия вазирлиги матбуот хизматига асосланиб Закон.кз хабар бермоқда.
Гап Жиноят кодексининг биринчи президентнинг шаъни ва қадр-қимматини оммавий равишда ҳақорат қилганлик ва камситганлик, шунингдек, унинг дахлсизлиги кафолатларини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи икки моддаси ҳақида кетмоқда.
“Бу моддалар Жиноят кодексида энди керак эмас, уларга эҳтиёж ҳам йўқ, чунки Элбаси мақомининг ўзи энди мавжуд эмас. Шунинг учун жиноий жавобгарлик энди керак эмас ва қўлланилмайди”, — дея тушунтирди парламентнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси Снежанна Имашева.
2022 йил ёзида Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтган эди. Натижада биринчи президентнинг мақоми ва ваколатлари ҳақидаги модда ҳамда Назарбоевнинг миллат етакчиси мақоми ўзгармаслиги ҳақидаги моддалар асосий қонундан чиқариб ташланди.
Жорий йилнинг февраль ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев “Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти — Элбоши тўғрисида»ги қонунни бекор қилувчи ҳужжатни имзолаган эди. Шундан сўнг Назарбоев Қозоғистон халқига мурожаат қилиш ва парламент олдида чиқиш қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.
Нурсултон Назарбоев 2022 йил январида Қозоғистондаги оммавий норозилик намойишларидан сўнг ўз имтиёзларини босқичма-босқич йўқота бошлади. Намойишчиларнинг талабларидан бири Назарбоевнинг ҳокимиятдан четлатилиши эди.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ