Қашқадарёдаги XIV аср ёдгорлиги бўлган ташландиқ масжид реставрация қилиниши айтилди

Сақлаш
15:12 / 01.06.2023 955 0

Қашқадарёнинг Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар ота комплексига тегишли Намозгоҳ (масжид) нураб бораётгани, уни асраб қолиш учун ҳеч қандай чора кўрилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маданий мерос агентлиги Ахборот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдириб, қадимий бино 2023 йилги реставрация режасига киритилганини маълум қилди.

 

Баён этилишича, Маданий мерос агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан мазкур объектда ўрганиш ишлари олиб борилган. 

 

“Ҳозирда дастлабки лойиҳа ҳужжатлари шакллантирилиб, реставрация жараёнини амалга ошириш учун экспертиза хулосалари тайёрланмоқда”, дейилади агентлик берган изоҳда.

 

Маълумот учун, Қашқадарё вилояти Касби тумани “Муғлон” қишлоғи ҳудудида жойлашган Намозгоҳ ХIV аср ёдгорлиги ҳисобланади. Ушбу иншоот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига архитектура ёдгорлиги сифатида киритилган бўлиб, давлат муҳофазасига олинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//