Жамият
Қурилиш қилиб, бозорга бордим. Тахта бозор. Усталар 5*3 “рейка” (қурилиш тахтаси – таҳр.) керак”, деди. Бозордан “рейка” қарадим.
Нархи 5500 сўм экан. Бир сотувчи айтди, “ака, сизга 5*3 керакми? Булар 5*3 дегани билан шунча чиқмайди, мана...”, деб ўлчаб берди. Ҳақиқатан ҳам 4*2 экан. 5*3 олиш учун 6*4 деганидан олиш керак экан.
Рози бўлиб, 6*4 олдим. Усталар бўйини 6 метрлик бўлсин деган эди. 6 метрлик сўрадим. “Мана”, деб дарров юклашни бошлади. Бирдан каллага фикр келиб қолди, “ука, метрни олинг”, дедимда ўлчадим. 6 метр деб сотилган рейка 5*70 экан. Ҳам энидан, ҳам бўйидан....
Юртда барака йўқ. Савдо йўқ. Қимматчилик....
Усталар билан ғишт уришга шартнома қилдим. Ғиштни урганидан эмас, машинада келганидан санар экан.
Зилда келган ғиштни эринмай, доналаб санадим. 2500 та дейилган ғиштдан инсофлиги 200 та, стандарти 350 та кам келар экан. Уста шуни билгани учун урганидан эмас, келганидан ҳисоб олар экан.
Ҳам машинада келганидан, ҳам устадан олиб ейсиз.
Юртда барака йўқ. Савдо йўқ. Қимматчилик...
Усталар ҳаммаси ўз манфаати бор қурилиш материаллари сотадиган катта дўконларга етаклайди.
Усталар у ердан карта очиб олган. Пластикка ўхшаган. Уйни эгаси бориб савдо қилади. Уста картасига фоиз пул келиб тушади.
Юртда барака йўқ. Қимматчилик....
Бир ака антифриз чиқардилар. Антифриз қоғозда ёзилгани каби -20 градус ва -40 градуслик чиқди.
Бозордаги ҳамма маҳаллий антифриздан қиммат. Сабабини тушунмай, ҳамма антифризларни олиб келиб, -5 градус холодильникка қўйилган. Уч соатда ҳамма антифриз тахта бўлиб қолган. Ишлаб чиқарувчиларга ҳолат видеога олиб юборилган. Ҳожи акалар парвойига ҳам олмаган.
Юртда барака йўқ. Қимматчилик... эканини айтишади.
Ўртоғим бензин “заправка”да ишлайди. Энг инсофлик заправка ўнига бир литр, қолганлари икки литр “урар” экан. “Мени билганим урмайдигани йўқ”, дейди. Ҳамма билар экан шундайлигини.
Юртда барака йўқ, ҳаммаёқ қимматчилик эмиш.
Бошқа бир танишимнинг иши порасиз, “откат”сиз битмас эмиш. Пора бермаса, давлат ташкилотлари олмас эмиш.
Айтишича, юртда барака йўқ. Аввалгидай савдо йўқ эмиш.
Уйфурушларга уйингизни сотмоқчи эканлигингизни айтасиз. Бўлди, нақдга ўзимиз оламиз, деб баҳолайди.
Табиийки сиз қимматроқ нарх хоҳлайсиз. Уёғига тузоғига тушганингиз шу. Каналида эълон беради уйингиз сотилиши ҳақида. Сиз мижоз кутасиз. Уйингизни олмоқчи бўлган харидор уйфурушга телефон қилади.
Уйфуруш у уй сотилганини, истаса бошқа уй борлигини айтади. Сизга эса ҳамтовоғини жўнатади.
Ҳамтовоқ уйингизни кўриб, дастлабки уйфуриш айтган нархдан анча паст баҳо айтади. Шу тариқа учинчиси, тўртинчиси келиб арзон нарх айтаверади. Тоқатингиз тоқ бўлиб, биринчи айтган нархингизга ўзингиз олиб қўя қолинг, дейсиз. Ҳўп, дейди деб ўйлайсизми? Содда бўлманг. Энди уйингизни биров олмаётганини, бошида берганда, майли деб олишини, ҳозир эса яна беш юз ёки минг арзонга олиб қолишини айтади. Пул зарурлигидан рози бўлиб юборасиз. Бу “приём”ни ҳаммага ҳам қилмайди. Пул зарур, “пожар” деган одамлар “ёғли” клиент.
Ҳа, айтганча, жума куни маклер акаларимиз ишлашмайди. Дам олиш куни.
Бозорда кабелчилар бор. Давлат муассасаларига, қурилиш объектларига сим сотишади. Улгуржи.
Заводдан кабелни олиб, чўзишади. Хато эшитмадингиз. Эшилади. 2*2.5 кабель, 2*2 ёки ундан ҳам камроққа, метри кўпроққа айланади. Заводни упаковкасини қайтадан қилиб, сизга беришади. Бутун бошли катта заводлар қуриб, кабель сотиб ётишибди. Цехда қилинган, бирортаси айтилган талабга жавоб бермайдиган кабеллар. Лекин тонналаб, навбатга қўйиб сотишади. “Откат” бор экан, кабель сотилаверади.
Лекин аввалгидай савдо йўқ. Барака йўқ экан.
Бу каби ишларни саноғи йўқ. Оддий сода бор. Совет давридан бери 500 граммлик қадоқда бўлар эди. Грамми камайиб, камайиб, 250 граммга тушган. Билмаган “ҳақиқийси фалончида қиммат экан, мана бу арзон сотади”, деб олаверади. Ичи тўла бўладиган гугурт ярим бўлиб қолган. Сантиметрлаб, миллиграммлаб урилаверади. Камаяверади.
Цементга қум қўшаётганлар, сутга сув қўшаётганлар ҳеч кимга сир бўлмай қолган.
Машина бозорга чиқсангиз, ҳамма машинани доктор ёки ўқитувчи минган. Ишга бориб келган бўлади. Уч марта думалаган машинада озгина “петно” бўлади. Бозорда думалаган, қаттиқ зарба еган машина йўқ. Сиз йўлларда кўрган думалаб кетган, пачақланиб, мажақланиб кетган машиналар бозорга кирмайди. Металлоломга кетади.
Эълон бериш мумкин бўлган сайтлар савдони ўлдирганмиш. Барака йўқ эмиш.
Қўқонда машҳур “запчаст” бозор бор. Бозорга чиқиб, улгуржи сотадиганлардан нарх сўрасангиз, бегонага нарх айтмай қўйибди. Танишимдан сабабига қизиқдим. “Менга конкурентларим одам юбориб, нарх сўраяпти. Нархни айтсам, Хитойга бориб, худди шу нарсани сифати паст, лекин нархи арзон қилиб чиқариб келиб, тагимдан қўйяпти”, деяпти.
“Запчаст”да ҳам аввалгидай барака йўқ эмиш. Савдо ўлган эмиш.
Монополия қилиб олиб, соққани қилаётган ҳожи ака ёки бой акаларга қуллуқ қилиб, ҳавас қиламиз.
Монополистга хизмат қилиб, соққани қиладиганлар адолат истайди. Нолиб қўяди.
Санаганларим орган, прокуратура, ДХХ, ИИВ, божхона, солиқ каби ташкилотлардаги ҳаромхўрликлар эмас. Юрт ичидаги оддий одамларнинг ишлари. Бир биримизга бўлган муносабат.
Мен бурнимни тиқмаган, юқорида келтирмаган ишларни, соҳаларни сиз яхши биласиз.
Ҳамма менга ўхшаб фаришта бўлса, юқоридаги ишларни қайси ола бўжи қиляпти?
Саййид ИСЛОМ
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ