Маданият
“Шўро қатағонидан мерос тарихий анъана бирон бир маълумотни ошкор этишни қораламоққа ундайди. Муаллифнинг ўз ҳақини талаб қилиши билан хабаркашлик иллати еру осмонча фарқланишини эса тушунгимиз келмайди. Аҳвол шу даражадаки, интеллектуал мулкини ҳимоя қилиш учун даъво бошлаган муаллифлар “Одамлар билмасин, мени сазойи қилишади” деб қонуний хатти-ҳаракатини ҳам яширишга уринади. Биз тескари “қадрият”лар ҳукми остида яшаяпмиз!” “Тайёр ошга баковул” давра суҳбатида кўчирмакашлик иллати, сабаб ва оқибатлари хусусида сўз борган. Миллат ойдинларининг муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан “Tafakkur” журналининг 2023 йил 1-сонида танишинг.
“Мен негадир “XXI асрда ривожланган мамлакатларда катта урушлар бўлмайди. Зеро, улар етарлича тажрибага эга бўлди: жаҳон урушларидан хулоса чиқарди. Бас, тараққий топган ёки шу йўлдаги давлатларнинг вазифаси, мақсади, интилишлари фақат ва фақат идеал давлат, мукаммал жамият қуриш бўлади. У энди шу давлату жамиятга муносиб комил инсон тўғрисида қайғуради” деб ўйлаб юрар эканман. Афсуски, чучварани хом санабман: одам боласи ҳалигача “уруш-уруш ўйини”га қонмабди. Демакки, тафаккури ўсмабди.” Миллат ва маънавият рукнида эълон қилинган “Одамзод нега урушдан сабоқ чиқармаяпти?” мақоласида ташқаридаги ва ичкаридаги урушлар, жавобсиз саволлар, бошқача авлод, кичрайган орзу – аъмо йўқотган асо ҳақида сўз боради.
“Мен болалик чоғимданоқ, – деб ёзган эди Беруний, – ёшим ва шароитимга қараб, имкон қадар кўпроқ билим олишга интилдим. Бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: биз турадиган қасабага бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатиб ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўяр эдим.” Бу йил таваллудининг 1050 йиллиги нишонланаётган аллома Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Берунийнинг ҳаёт йўли ҳақида “Берунийнинг ақл машъали” мақоласида ўқинг.
Журналнинг кейинги саҳифаларида “Комиллик пиллапояси”, “Хитой: мафкуравий ғовлар оша”, “Қадриятлар қоришганда” мақолалари, “Марҳум жаноб Элвешем қиссаси” ҳикояси, “Эркка йўл” эссеси ўрин олган.
Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Зулматдаги нур”, “Зидди заҳар излаб”, “Ҳақ ризолигига васила”, “Мажлиси ҳумоюн: тарих ва тадқиқ”, “Парвоздаги парилар” мақолалари эълон қилинган.
“Бугуннинг чорасин кўриб, эртага эҳтиёж қолдирмаган киши ақллидир”. Берунийнинг мазкур иқтибосини журналнинг ушбу сонига хулоса ўрнида келтириш мумкин. “Tafakkur” билан ҳамнафаслик – келажак эҳтиёжи. Журнални мутолаа қилинг, тафаккурингизни чиниқтиринг.
Сиёсат
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ