Маданият
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Маданият ва туризм вазирлиги, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ташаббуси билан буюк санъаткор Ботир Зокиров таваллудининг 87 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова иштирокида «Сулола» номли бир актёр спектакли саҳналаштирилди.
8 май куни «Ёшлар ижод саройи»да мазкур саҳна асарининг премьераси бўлиб ўтди. Кечада «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Хусанов сўзга чиқиб: «Ботир Зокиров ва Зокировлар сулоласи билан боғлиқ тадбирлар маънавий ҳаётимизда алоҳида воқеа. Чунки бугун ушбу оиланинг мислсиз мероси қанчалик қийматга эгалигини биз янада теранроқ англаяпмиз. Мен шуни айтишни жоиз деб биламан-ки, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудига бағишланган бугунги тадбир чинакам маънода адабиёт, санъат, маънавият байрамига айланмоқда» – дея таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Насиба Абдуллаева, Ёдгор Саъдиев, ёш эстрада хонандаси Дархон Комилов иштирок этиб Ботир Зокиров ва «Зокировлар сулоласи» билан боғлиқ хотираларини ғурур ва ҳаяжон, ифтихор билан эслашди. Шунингдек тадбирга «Ботир Зокиров» номидаги эстрада симфоник оркестри иштирок этди. Кеча давомида Ботир Зокиров томонидан чизилган суратлар кўргазмаси ҳамда унинг Кундалиги асосида яратилган китоб тақдимоти ўтди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова улуғ санъаткор Ботир Зокиров кундаликлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этди. «Ўзининг буюк истеъдоди, ноёб ва бетакрор ижоди билан ўзбек эстрада санъатига асос солиб, миллий маданиятни ривожлантириш, унинг шон-шуҳратини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этишга қўшган беқиёс ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги унутилмас хизматларини бот бот тилга олишдан фахрланаман», – деди Гавҳар Зокирова.
Сиёсат
Жаҳон
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ