Халқаро кинобозорга илк бор ўзбек лойиҳаси чиқди. Фильм ва унинг ижодкорлари ҳақида нималар маълум?

Сақлаш
15:27 / 20.04.2023 1262 0

“Оёқ” номли тўлиқ метражли бадиий фильм сценарийси халқаро кинобозорга чиққан илк ўзбек лойиҳаси бўлди. Хўш, бу нимани англатади? Фильм устида кимлар иш олиб бормоқда? Суратга олиш ишлари қачон бошланади? Шу ва бошқа саволлар билан ойина.уз журналисти Шахноза Тўрамуродова режиссёр Шокир Холиқовга мурожаат қилди.

 

Режиссёрнинг маълум қилишича, 2023 йил 1-апрель куни Қозоғистон Республикасининг “А Films” киностудияси янги “Оёқ” номли тўлиқ метражли бадиий фильмни ишга туширди. Гап шундаки, бу фильм сценарийси Ўзбекистонлик ёш режиссёр Шокир Холиқов томонидан ёзилган ва у Қозоғистонлик продюсерлар ишончини қозонган. Шу тариқа сценарий дастлаб Қозоғистоннинг “Salem shorts” сценарийлар танловида ғолибликни қўлга киритган. 2022 йилда бу лойиҳа Тошкентда бўлиб ўтган Ипак йўли дурдонаси халқаро кинофестивали доирасида Француз киноижодкорлари томонидан ўтказилган кинолойиҳалар танловида ҳам иштирок этган.

 

Шу йилнинг 12-15 апрель кунлари эса Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган “Meetings on the Bridge” халқаро кинолойиҳалар кинобозорида иштирок этди. Холиқовнинг қайд этишича, бу халқаро кинобозорга чиққан илк ўзбек кинолойиҳаси ҳисобланади.

 

“Meetings on the Bridge”нинг бу галдаги платформасига 3 та халқаро бадиий ва 2 та ҳужжатли фильмлар танлаб олинган. Қуйида танлаб олинган кинолойиҳалар номи ва ижодкорлари тақдим этилган:

 

• Хотира (режиссёр: Ибраим Ҳанииев, продюсер: Максим Сафонов)

 

• Оёқ (режиссёр: Шокир Холиқов, продюсер: Айгерим Сатибалди)

 

• Прожеcт 2602 (режиссёр: Рафиг Ҳажиев, продюсер: Раул Cэлая)

 

• Бешинчи кўз (режиссёр: Али Ҳамраз, продюсер: Курош Атаэе)

 

• Париж 18 (режиссёр: Китодар Тодоров, продюсер: Мадгелена Илиева)

 

Кинобозорда “Оёқ” фильми лойиҳа сифатида жами 10 та давлат вакилларига намойиш қилинди. Вакиллар Европанинг етакчи фондлари, кино бозорлари вакиллари, нуфузли халқаро фестиваллар етакчилари, немис, серб, француз, голланд, Норвегия, итальян, турк продюсерлари бўлиб, улар билан кинолойиҳа бўйича алоҳида учрашувлар ташкил қилиниб, музокаралар олиб борилди. Эндиликда уларни лойиҳа билан яқинроқ таништириш мақсадида сценарий тўлиқ шаклда тақдим этилади. Бундан ташқари фильм ижодкорлари тўғрисидаги маълумотлар, хусусан Шокир Холиқовнинг ижодий фаолияти, унинг ҳозирги кунга қадар қилган ижодий ишлари, эришган ютуқлари ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилади. Сўнг яна фикр мулоҳазалар ва келишувлар асосида лойиҳага қизиқиш билдирган томонлар билан шартномалар имзолаш кутилмоқда. Энг муҳими шундаки, эндиликда ҳамкор бўлиш ёки бўлмасликдан қатъий назар фильм ишлаб чиқарилишидан бошлаб токи тайёр бўлгунига қадар Йэвропанинг етакчи фондлари, кино бозорлари вакиллари, нуфузли халқаро фестиваллар етакчилари кузатуви остида бўлади. Фильм тайёр бўлиши билан премьералар, фестиваллар, намойишлар, прокатлар борасида келишувлар тузилади.

 

Лойиҳа Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг қўшма иши бўлиб, “A Films” студияси томонидан амалга оширилмоқда ва келгусида фильмни нафақат икки давлат, балки Европанинг бир қанча давлатлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Фильмнинг суратга олиш ишлари шу йилнинг куз ойларига Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган. Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Шокир Холиқов. Фильм продюсери Қозоғистонлик таниқли продюсер Аигерим Сатибалди. Бундан ташқари Қозоғистоннинг энг яхши операторларидан бири, А тоифасидаги халқаро кинофестиваллар иштирокчиси ва ғолиби Еркинбек Птиралиев постановкачи оператор сифатида лойиҳага таклиф этилган.

 

Маълумот учун, “Meetings on the Bridge” яъни “кўприк устидаги суҳбат” Истанбулни Европа билан боғловчи кўприкка нисбатан қўлланилган рамзий маънодаги ном. Бундан англаш қийин эмаски, асосий мақсад Йэвропа кинобозорига кириш ва улар билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатишдир. Қолаверса келажакда режиссёрлар билан бадиий ва молиявий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда уларга илк қадамларни қўйишда кўмаклашишдан иборат.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//