Оққўрғонда ўқувчилар дарс вақтида пул йиғишга юборилишига йўл қўйган мактаб директори ишдан бўшатилди

Сақлаш
14:29 / 30.03.2023 872 0

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жойлашган 17-мактаб директори ишдан олинди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.

 

Аввалроқ ушбу мактаб ўқувчиларининг дарс вақтида пул олиб келиш учун уйига жўнатилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган, унда ўқувчилар симкарта сотиб олиш учун 10 минг сўм пул сўралаётганини айтганди.

 

Вазирлик томонидан ўтказилган ўрганишда ҳолат ҳақиқатан ҳам «Ташаббусли бюджет» билан боғлиқлиги ўз тасдиғини топган. Хабарда мактаб директорининг исми-шарифи, ўқитувчи ким экани, нима учун огоҳлантириш олгани батафсил келтирилмаган.

 

«Мактаби яқинда таъмирдан чиққан бўлишига ҳамда қайта-қайта огоҳлантиришларга қарамай, ҳеч қандай сўз билан оқлаб бўлмайдиган ҳолатга йўл қўйганлиги учун мактаб директорини лавозимидан озод этиш бўйича қарор қабул қилинди, ўқитувчига эса огоҳлантириш берилди», — дейилади хабарда.

 

Вазирлик бундай ҳолат бошқа мактабларда ҳам такрорланмаслигига умид билдирган.

 

Тошкент вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, ўқувчиларни «Ташаббусли бюджет»га овоз йиғиш учун жалб қилиш бўйича топшириқ мактаб директори томонидан берилгани аниқланган. Ҳодиса мазкур мактабнинг филиалида содир бўлган. Филиалда 45 нафар бошланғич синф ўқувчиси таълим олади.

 

Ўқувчиларни овоз йиғишга жалб қилган синф раҳбарларига интизомий жазо берилган, мактаб директори Л.Усманова эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

 

Тошкент вилояти ҳокимлиги тақдим этган маълумотга кўра, мактаб филиали яқинда таъмирдан чиқарилган бўлиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Мактаб жамоаси ўз ташаббуси билан «Ташаббусли бюджет» кампаниясида қўшимча электрон доска, компьютер жиҳозлари олиш учун иштирок этган. Сўралган маблағ миқдори – 300 миллион сўм.

 

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ушбу жиҳозларга эҳтиёж борлигини ўрганиш, шундан сўнг маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабни сўралган жиҳозлар билан таъминлаш бўйича кўрсатма берган.

 

Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ташаббусли бюджет» кампаниясида болалардан фойдаланишни қатъиян қоралашини маълум қилган.

 

Мавзуга доир: «Openbudget»га овоз йиғувчилар кола, ёғ ва пулларни қаердан оляпти?

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//