Фарғоналик аёл боласига буйрагини берди

Сақлаш
17:30 / 28.03.2023 826 0

Гулистон тиббиёт кластерининг жарроҳлик бўлимида буйрак трансплантацияси ўтказилди.

 

Фарғона вилоятининг Фурқат туманидан бўлган 24 ёшли Шералижон Азимжонов сурункали буйрак етишмовчилиги сабабли ўтган йил декабрь ойидан буён мазкур тиббиёт кластерининг нефрология ва гемодиализ бўлимида муолажа олиб келаётганди.

 

Шифокорлар аҳволи ёмонлашиб бораётган беморнинг яқинларига бу дарддан халос бўлишнинг ягона йўли буйрак трансплантацияси эканлигини айтишган.

 

«Ўғлимизга донор бўлиш учун турмуш ўртоғимнинг қон гуруҳи тўғри келмади. Шундан кейин қатор текширувлар ўтказилгач, буйрагим фарзандим учун мос келишини айтишди. Рости, шундай севиндимки, буни сўз билан ифодалай олмайман», — дейди беморнинг онаси Олмахон Раҳмонова.

 

Операция академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари иштирокида муваффақиятли бажарилган.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган. Ҳозирда она ва боланинг саломатлиги яхши. Яқин кунларда улар бутунлай оёққа туриб, оиласи бағрига соғ-омон қайтади.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда ука опасига жигарини бергани, операция 8 соат давом этгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//