«Миллий қадриятлар ва маънавий мероснинг жамият тараққиётидаги аҳамияти» мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди

Сақлаш
20:33 / 17.03.2023 2958 0

16 март куни Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтида «Миллий қадриятлар ва маънавий мероснинг жамият тараққиётидаги аҳамияти» мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

 

Институт томонидан миллий давлатчилигимиз, миллий маънавий ривожланишимиз тарихи, буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси, цивилизациялар тўқнашуви, маънавий-маърифий юксалиш жараёнлари, ривожланиш тенденциялари ва маданиятлар трансформацияси, халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари, анъаналарини илмий ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган «Янги Ўзбекистон – халқпарвар давлат» шиори остида «Миллий қадриятлар ва маънавий мероснинг жамият тараққиётидаги аҳамияти» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

 

Конференция аввалида сўзга чиққан Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Фурқат Жўрақулов янги авлодда моддий ва маънавий меросимизга беписандлик, урф-одатларимиз, анъана ва қадриятларимизни эскилик намунаси сифатида талқин қилиши, енгил-елпи ҳаёт тарзини тарғиб қилаётган хорижий ахборот манбалари таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари тобора устуворлик касб этаётган бир даврда минг йиллардан буён халқимиз генофондида мустаҳкам ўрнашган қадриятларимизни тарғиб қилишда замонавий тарғибот технологияларидан фойдаланиш зарурати кучайиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

 

Тадбирга модераторлик қилган Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов мамлакатимизда миллий қадриятлар ва маънавий меросни жамиятнинг тараққиётга эришишида муҳим омил эканини, бу мавзуда қилинган тадқиқотларнинг амалиётга татбиқ этилиши анжуманнинг асосий ютуғи бўлишини айтди.

 

 

Мазкур илмий-амалий анжуман миллий қадриятлар тарихи, мутафаккир аждодларимизнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари, миллий қадриятлар ва маънавий меросни тарғиб этишда замонавий тарғибот технологиялари, оммавий ахборот воситаларида миллий қадриятларни ёритиш масалалари, маънавий мерос ва қадриятларни тарғиб этиш методикаси каби илмий муаммолар таҳлилига бағишланди.

 

Конференцияда қадрият тушунчасининг илмий-фалсафий талқини, тарихий негизлари, бугунги кундаги аҳамияти миллий ва маънавий муҳит билан боғланган тарзда муҳокама этилди. Конференция шўбалари Институт фаолиятининг асосий йўналишлари билан алоқадор ҳолда танланган.

 

Анжуманда сўзга чиққан маърузачилар томонидан қўйилган муаммолар ва таклиф этилган ечимлар, тарғиботнинг янги технологиялари бўйича тажриба алмашинувлар, назарий хулосалар билан амалиётни уйғунлаштириш бўйича таклифлар мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга қаратилган.

 

 

Ушбу илмий-амалий анжуманда ёш тадқиқотчиларга ҳам кенг минбар берилди. Ёш олимлар ижтимоий тармоқлар таъсирида ёшларга миллий қадриятларни сингдириш, глобаллашув шароитида виртуал таҳдидларга қарши кураш давр талаби, ижтимоий-сиёсий таълимотларнинг ривожланиш босқичи, миллий қадриятларни тарғиб этишда рақамли тарғиботни кучайтириш каби масалалар бўйича маърузалари билан қатнашишди. Конференция ишида профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассислар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, докторантлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//