Миллий либосларимиз – қадриятларимиз безаги

Сақлаш
23:08 / 23.02.2023 2551 0

Бугун Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Яккасарой туман ҳокимлиги ҳамкорлигида хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз, миллий либосимизни кенг кўламда тарғиб этиш мақсадида «Миллий либосларимиз – миллий қадриятларимиз безаги» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

 

 

Тадбирда сўз олганлар аждодларимиздан бизга миллий либосларимиз орқали гўзал маънавият, бетакрор дид ва маданият, қадриятлар, мерос бўлиб келаётганини, шунингдек миллий либосларимиз тарихини ўрганиш, уларни ардоқлаш ва янада ривожлантиришни тарғиб қилиш, асрлар мобайнида сайқал топиб келган миллий анъана ва урф-одатларимизни мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу амалларимизни ёшларимиз давом эттириш кераклигини таъкидлаб ўтишди.

 

– Бугунги тадбирни ташкил этган ташаббускорларга раҳмат айтаман, – дейди Тўқимачилик ва енгил саноат институти ўқув ишлари бўйича проректори, техника фанлари доктори, профессор Холида Комилова. – Чунки мана шундай тадбирлар бугун миллий либосларимизни кенг тарғиб этишга имкон беряпти. Афсуски, фарзандларимиз миллий либосларимиз ҳақида жуда кам билишади. Ҳар бир вилоятнинг водий ва воҳанинг миллий либослари ўз анъаналарини, инсонларнинг яшаш тарзини намойиш этади. Бугунги кунда миллий либосларимиз ҳар қачонгидан кўра кўпроқ тарғиботга муҳтож. Уларни чуқур ўрганиш учун биз мутахассислар методик қўлланмалар, дарсликлар яратишимиз лозим.

 

 

Тадбирда ижро этилган ўзбек мумтоз қўшиқлари даврага ўзгача файз бағишлади. Айниқса, Яккасарой туман ҳокимлигининг фаол хотин-қизлари томонидан ўзбек миллий матоси ва замонавий мато уйғунлигида яратилган давлат хизматчилари либоси тадбир иштирокчилари эътирофига сазовор бўлди.

 

– Хорижга қилган энг дастлабки ижодий сафарларим Ўзбекистоннинг номи эндигина танилаётган даврларга тўғри келган, – дея хотирлайди Ўзбекистон халқ артисти, профессор, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Муножат Йўлчиева. Миллий либосда, ковуш кийиб саҳнага чиққанман. – Концертдан сўнг хорижлик мухлислар “Шундай кийимни қаердан олсак бўлади?”, деб сўрашган. “Ўзбекистондан топасиз”, деганман. Уларнинг аксариятига Ўзбекистонни Самарқанд, Бухоро, Хоразм ёки аждодларимиз ҳақида гапириб, таништирганман. Ёшларимиз, жумладан, санъаткорларимиз ҳам катта саҳналарга чиқаётганларида ўз ташқи кўринишларига, либосларига эътибор берсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби улар саҳнага чиқаётганларида ўзлари билан юрт шарафини, маънавий қиёфасини олиб чиқишади.

 

 

Тадбир сўнггида ташкилотчилар томонидан фаол иштирокчиларга ташаккурнома ва совғалар берилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//