Хон тайинлаган беклардан Президент тайинлаган Ортиқхўжаевгача: Тошкентни бошқарган раҳбарлар

Сақлаш
15:20 / 15.11.2021 3975 2

Тошкент шаҳрида қадимдан бошлаб бугунги кунгача раҳбар бўлган шахсларни биласизми? Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати улар ҳақида маълумот берди.

 

Қадимги Шоштепа ва Мингўрик шаҳристонларидан бошлаб араблар босқинига қадар Тошкентда бошқарув Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларига ўхшаш эди: ҳукмдорнинг хизматчилари яқин қишлоқлардан солиқ тўплаганлар, ҳарбийлар эса аҳолини душман ҳужумларидан ҳимоя қилганлар.

 

Араб босқинидан кейин шарқий ҳудудлар бошқарувига қадимги маҳаллий зодагон оилаларнинг вакиллари тайинланган. IX асрнинг охирида бу ерда, пойтахти Бухорода жойлашган, деярли мустақил давлат ташкил қилиниб, Шош ҳам унинг таркибига кирган. Чирчиқ водийси ва Тошкентга бек ҳукмдорлик қилган.

 

Бундай тизим Темурийлар даврида ҳам сақланиб қолди: бек вилоят ҳукмдори томонидан тайинланган, шаҳарни эса маҳаллий зодагонлар ичидан тайинланган раис ёки ҳоким бошқарган. Кўпинча улар мусулмон руҳонийлари бўлган. Бек қозиларни ҳам тайинлаган. Солиқ тўплаш жараёнида бекнинг одамлари шаҳар ҳунармандлари, қишлоқ аҳолиси ва хориж савдогарлари савдо-сотиқ қилган бозорларнинг ишини ҳам мувофиқлаштирган. Шаҳар ҳокимиятининг таркиби асосан зодагон ва руҳоний вакиллардан ташкил топган. Лавозимга тайинланиш учун амалдорлар форс ва араб тилларини, Қурон ва шариат асосларини билиши, саводли ва турли фанлардан хабардор бўлиши талаб қилинган.

 

XVIII аср охирида Шайхонтоҳур даҳасининг ҳокими Юнусхўжанинг шарофати билан минтақада бирлашиш ва мустаҳкамлашиш рўй берди ва Тошкент давлати ташкил топди. У ўз мақомини мустаҳкамлаб, чегараларини кенгайтириш учун уруш ҳам олиб борган.

 

1810 йилдан Тошкент Қўқон хонлиги таркибига кирди ва Тошкент бегини Қўқон хони тайинлайдиган бўлди. Бекнинг қўл остида шаҳарнинг тўрт қисмини – Кўкча, Бешёғоч, Шайхонтоҳур ва Себзорни – бошқарувчи мингбоши бўлган. Улардан ҳар бири кўплаб мавзе ва маҳалларга бўлинган. 1876 йилда 149 маҳалла бўлиб, уларнинг ҳар бирини юзбоши бошқарган.

 

1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил қилинди, Тошкентнинг бошқаруви эса генерал-губернатор тайинлайдиган шаҳар бошлиғига топширилди.

 

1877 йилда шаҳарни бошқариш Шаҳар думасига топширилди ва унинг таркибига 72 та депутат кирди. Уларни эски шаҳар қисмидан ҳам, янги “рус” шаҳри қисмидан ҳам сайлашган.

 

1907 – 1917 йилларда Шаҳар думасининг раиси ва шаҳарнинг бошлиғи Николай Гурьевич Малицкий бўлган. У ушбу лавозимда Тошкент учун кўплаб ишларни амалга оширган. Сув таъминоти ва оқова тизими, трамвай, пиёдалар йўлаклари, шифохоналар, кўкаламзорлаштириш ва ёритиш, эски шаҳарни ободонлаштириш, санитария ва ёнғинга қарши чораларни жорий қилиш, ариқларни, кўча ва ҳовлиларни тозалаш – унинг қўл остида ҳал қилинган масалаларнинг кичик бир қисмидир.

 

1917 йилда Тошкентда ҳокимият Тошкент ишчилари ва аскар депутатлари кенгашига ўтди. Кенгаш Тошкент шаҳар думасининг вазифаларини ўз зиммасига олди. Бир қанча вақт ўтиб, Тошкент шаҳар Кенгаши Тошкентда ягона ҳукуматнинг вакиллик ва қонунчилик органи бўлди. У Ижроия қўмитасини ташкил қилди. Қўмита ўз раисининг раҳбарлигида Тошкентда совет ҳукуматининг ижроия органига айланди. Бундай бошқарув тузилмаси шаҳарда мустақилликка қадар сақланди.

 

Бундан ташқари, Коммунистик партиянинг шаҳар Кенгаши фаолият юритган бўлиб, унинг қарорлари ижроси шаҳар Кенгаши ва шаҳар ижроия қўмитаси учун мажбурий бўлган. Ҳар бир туманда партия туман қўмитаси, туман кенгаши ва туман ижроия қўмитаси фаолият юритган.

 

Замондошларнинг сўзларига кўра, Тошкентнинг ривожланишида 1972-1985 йилларда Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг раиси Воҳид Оҳунович Козимов катта ишлар қилган.

 

1990-1994 йилларда шаҳарга Атхамбек Ибрагимович Фозилбеков ҳокимлик қилган.

 

1994-2001 йилларда Козим Носирович Тўлаганов пойтахтни бошқарган.

 

2001-2005 йилларда — Рустам Мавзурович Шоабдураҳмонов ҳоким бўлган.

 

2005-2011 йилларда – Абдуқаххор Хасанович Тўхтаев шаҳарни бошқарган.

 

2011-2018 йилларда – Раҳмонбек Жаҳонгирович Усмонов Тошкент ҳокими бўлган.

 

2018 йилнинг 26 апрель куни Президентимиз томонидан Тошкент шаҳар ҳокимининг вазифасини бажарувчиси лавозимига Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев тайинланди. 2018 йилнинг 21 декабрь куни у пойтахт ҳокими лавозимига тасдиқланди. Тошкент ҳокими сенатор ва Халқ депутатлар Тошкент шаҳар Кенгашининг раиси вазифасини ҳам бажариб келмоқда.

2 Изоҳлар

Низамий

12:01 / 01.01.1970

совет даврида (1917-1991 йиллар) шахарни амалда Тошкент шахар партия комитетини 1-секретарлари бошкарган. Ижрокум (испольком) раислари бажарувчи булишган.

Dilshod

12:01 / 01.01.1970

Ha haz zamonning o'z zamoni bo‘ladi. Siyosat o‘zgaradi. Nima bo‘lganda ham xalqni o'ylaydigan rahbar bo'lishi kerak. Shunda rivojlanish bo‘ladi.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//